15/03/2019
Ижтимоий шериклик самараси

photo_2019-03-14_15-31-07

Ўзбекистон Фанлар академияси Ўсимлик моддалари кимёси институти маъмурияти ва касаба уюшма қўмитаси ўртасида 2016-2020 йиллар учун тузилган жамоа шартномасининг 2018 йилда бажарилиши юзасидан 2019 йил 14 март куни йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси бўлим мудири М.Исаев, Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раис ўринбосари М.Бобоёровлар иштирок этишди. Йиғилишда иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси ҳисоботлари ҳамда жамоа шартномаси ижроси бўйича далолатнома тингланди. Унга кўра, жамоа шартномасида келтирилган тадбирлар бажарилиши қониқарли деб ҳисобланди.

Ижтимоий шериклик асосида иш берувчи ва касаба уюшмаси ташкилотлари ходимларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш, барча соҳаларда ўтказилаётган ислоҳотларни амалга ошириш борасида чуқур ҳамкорликни йўлга қўйиш лозим. Касаба уюшмаси нуфузли жамоат ташкилотларидан бири бўлиб, ижтимоий адолатни қарор топтириш, ижтимоий мадад ва нафақалар ҳақиқатда ҳам эҳтиёжманд, юқори ижтимоий ҳимояга мухтож ходимларга берилишини таъминлашга салмоқли ҳиссасини қўшмоқда.

Бунга мисол қилиб, 2018 йилда ижтимоий ходимларга 87,9 млн сўмлик моддий ёрдам ажратилганлигини келтириш мумкин. Жамоа шартномасига асосан институтнинг илмий ва амалий салоҳиятини оширишда жонбозлик қилиб ишлаб келаётган юксак иқтидорли ходимларга 50,7 млн. сўмлик устамалар берилди. Кўп йилларда бери институтга меҳнати сингган меҳнат фахрийлари юбилей ёшга кирганликлари муносабати билан жамоа шартномасига асосан 83,9 млн. сўмлик мукофот пуллари билан тақдирланди. Институтда ўз меҳнатлари орқали дори воситалари субстанцияларини ишлаб чиқаришда иштирок этган муаллифларга гонорар ва мукофот пуллари тўлаб берилди, соғликларини тиклашлари учун 3 нафар ходимга жамоа шартномаси орқали сиҳатгоҳларга бепул йўлланмалар ажратилди.

Ходимларни ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини ҳимояси, иш ҳақлари мунтазам равишда, ўз вақтида берилиши ҳамда жамоа шартномасининг барча бандларини бажарилиши институт касаба уюшмаси қўмитаси томонидан назорат қилиб келинмоқда.

photo_2019-03-14_10-40-04

Ҳозирги кунда институтда 312 нафар ходимлар фаолият кўрсатади, шундан 145 нафари аёллар, 45 нафари 30 ёшгача бўлган ишчиларни ташкил этади.

Ходимларнинг соғлигини мунтазам назорат қилиб бориш, тиклаш учун бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан алоҳида иккита штат бирлиги асосида (тиббиёт врачи ва ҳамшира) штатлари очилган бўлиб, уларга махсус жиҳозланган хоналар ажратилган. Биринчи ёрдам кўрсатилиши учун керак бўладиган дори воситалари билан тўлиқ таъминланган. Бундан ташқари, жамоа шартномасига асосан маъмурият томонидан ходимларни бир йилда икки маротаба ўтказиладиган умумий тиббий кўрик учун маблағлар мунтазам тўлаб берилади.

2018 йилда 30 та амалий ва фундаментал лойиҳалар бўйича тадқиқотлар олиб борилди ва муваффақиятли ҳисоботлар топширилди. Хусусан, IX Республика инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркасида Ўсимлик моддалари кимёси институти 19 та илмий ишланмалар билан қатнашди ва улардан 8 та янги ишланмалар IX инновацион ярмарка каталогига киритилди. Шу жумладан, 2 та ишланма ёш олимлар кўргазмасида тақдим этилди.

Жамоа шартномасига асосан иқтидорли ёшлардан 4 нафари етакчи хорижий илмий марказларга стажировкага юборилди. Етук хорижий корхоналар ва хорижий давлатларда бўладиган илмий конференцияларда иштирок этиш ва хорижий давлатлар илмий ташкилотлари билан алоқалар ўрнатиш учун ходимларни хорижий давлатларга юборишга бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан 192,7 млн. сўм маблағ сарфланди. Институтда ишлаётган меҳнаткашларнинг иш жойлари қисқартирилишини камайтириш, ички имкониятлардан келиб чиққан ҳолда уларнинг иш жойларини сақлаб қолишга эришиш ишлари олиб борилди.

Маъмурият томонидан соғлом ва хавф-хатарсиз меҳнат шароитларини яратилди. Институтда бу соҳада меҳнат муҳофазаси бўйича вакил ва комиссия фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг ижобий ишлари натижасида ҳеч қандай бахтсиз ҳодиса рўй бермади. “Ёнғин хавфсизлиги”, “Техника хавфсизлиги” ҳамда  “Меҳнат муҳофазаси-касаба уюшма эътиборида” бурчаклари ташкил этилган. Институтда Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуни талабларини бажарилиши доимий назоратда бўлиб, аниқланган камчиликларни тугатиш чоралари кўриб келинмоқда.

Меҳнат жамоасида “Ички меҳнат тартиби қоидалари” ишлаб чиқилган ва касаба уюшмаси билан келишган ҳолда тасдиқланиб, барча ходимлар таништирилган. Институтда ишловчи аёллар ва ёшлар учун ҳам барча шароитлар яратилган, имтиёзлар жамоа шартномаси орқали белгиланган. Маъмурият томонидан чиқарилаётган буйруқлар касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилиб борилади.

Йиғилиш савол-жавоблар ва баҳс-мунозаралар билан қизғин ўтди.


Ijtimoiy himoyaga oid ma`lumotlar, Yangiliklar

Izlash

 

So`ngi e`lonlar