НАМАНГАНДА “ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЯНГИ КАСАБА УЮШМАЛАРИ” ШИОРИ ОСТИДА ТАНТАНАЛИ ТАДБИРЛАР БЎЛИБ ЎТДИ

Мамлакатимизда 11 ноябр – Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини муносиб нишонлаш, байрам тадбирларини юқори савияда ташкил этиш бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасига мувофиқ, Наманган шаҳрида бир қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу санани нишонлашдан кўзланган асосий мақсад – касаба уюшмаларининг жамият ҳаётидаги ўрнини янада юксалтириш, меҳнат жамоаларида ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш ҳамда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан касаба уюшмалари фаоллари билан учрашувда белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлашдан иборатдир.

Тадбирлар доирасида меҳнат фахрийларини эъзозлаш, ёш авлодда миллий қадриятларга ҳурмат руҳини шакллантириш ҳамда касаба уюшмаларига аъзоликнинг афзалликларини тарғиб этишга қаратилган давра суҳбатлари ва очиқ мулоқотлар ўтказилди. Хусусан, “Нуронийлар эъзозимизда” шиори остидаги учрашувлар кекса авлод вакилларининг тажрибасини ёшларга етказишда муҳим аҳамият касб этди.

Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Наманган шаҳар бўлинмаси кенгаши томонидан ташкил этилган тантанали йиғилишда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг вилоят бўйича масъул ташкилотчиси Л.Ганиев иштирок этиб, касаба уюшмаларининг меҳнат муҳофазаси ҳамда жамоа шартномалари ижросини таъминлашдаги ўрнини алоҳида қайд этди.

Тадбирнинг маданий-маърифий ва ташкилий жиҳатдан аҳамияти қуйидагиларда намоён бўлди:

  • “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонун ҳамда юқори ташкилотларнинг қурултой қарорлари ижросини таъминлаш бўйича ўқув семинарлари ўтказилди.
  • Бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раислари учун икки босқичли махсус қўлланмалар тақдимоти ташкил этилди.
  • Таълим тизимида кўп йиллар самарали меҳнат қилган 10 нафар фахрий устозларнинг хонадонларига борилиб, уларнинг ҳолидан хабар олинди ва эҳтиром кўрсатилди.
  • Соҳада фаолият юритаётган 32 нафар бухгалтер ва иқтисодчилар “Бухгалтерлар куни” муносабати билан касбий байрамларида муносиб тақдирландилар.
  • Фаол касаба уюшмаси етакчилари ҳамда 120 нафардан зиёд иштирокчилар ташкилотнинг эсдалик нишонлари ва фахрий ёрлиқлари билан рағбатлантирилдилар.

Якуний қисмда таъкидланганидек, касаба уюшмалари тизимида олиб борилаётган бу каби кенг қамровли ишлар меҳнат инсонларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади. Ташкилотчилар томонидан ўтказилган мазкур байрам тадбирлари меҳнат жамоаларида кўтаринки кайфиятни уйғотиш билан бирга, келгуси фаолиятда янги марраларни забт этишга ундайди. Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси ўз аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда доимий таянч бўлиб қолади.

Добавить комментарий