ТАЪЛИМ ВА ФАН ФИДОИЙЛАРИ ЭЪТИРОФ ЭТИЛДИ: 11 НОЯБРЬ — КАСАБА УЮШМАЛАРИ КУНИ ТАНТАНАЛИ НИШОНЛАНДИ






11 ноябрь — Касаба уюшмалари кунининг расмий эътироф этилиши муносабати билан таълим ва фан ходимлари шуҳратли меҳнатлари учун тантанали равишда эътироф этилди. Тадбирда Президент Шавкат Мирзиёевнинг касаба уюшмаси ташкилотларини қўллаб-қувватлаши, «Ўзбекистон — 2030» стратегияси доирасидаги ислоҳотлар ва бу борада халқаро эътирофлар юзасидан маълумот берилди.Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси 8 миллиондан ортиқ аъзога эга бўлиб, давлат тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Тадбир якунида 100 нафардан ортиқ фидойи устоз, мураббий ва касаба уюшмаси фаоллари фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.Мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлаш, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда соҳа ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тизими янги босқичга кўтарилмоқда. Айниқса, таълим ва фан соҳаси ходимларининг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, уларнинг машаққатли ва шарафли меҳнатини муносиб қадрлаш касаба уюшмалари фаолиятининг бош мезонига айланган.Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирда таълим ва фан соҳаси фидойилари, касаба уюшмалари фаоллари, фахрий устозлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари жам бўлишди. Анжуманни кириш сўзи билан очган Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси А. Раҳмонов йиғилганларни байрам билан самимий муборакбод этди. Тантанали маърузада соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, инсон қадрини улуғлаш, меҳнаткашлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ва таълим фидойиларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида эришилган тарихий натижалар ҳамда келгусидаги стратегик вазифалар алоҳида айтиб ўтилди.Тадбирда таъкидланганидек, Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг юксак эътибори туфайли 11 ноябрь — Ўзбекистон касаба уюшмалари кунининг қонуний эътироф этилиши ва белгиланиши соҳа ходимлари учун катта тарихий воқеа бўлди. Шунингдек, «Ўзбекистон — 2030» стратегияси ва тараққиёт мақсадлари доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар соҳалар ривожида мутлақо янги даврни бошлаб бергани алоҳида эътироф этилди. Бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси 8 миллиондан ортиқ аъзони ўз атрофида бирлаштирган энг йирик хайрихоҳ ва оммавий ташкилот сифатида давлатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.Шу билан бирга, халқаро майдонда ҳам касаба уюшмаларининг обрў-эътибори тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизими дунёнинг 169 та давлатини бирлаштирган Халқаро касаба уюшмалари конфедерациясининг ҳақиқий аъзолигига қабул қилинди. Қолаверса, Марказий Осиё ва Туркий давлатлар касаба уюшмалари ташкилотларини тузишда юртимиз касаба уюшмалари бевосита ташаббускор бўлгани фахр билан қайд этилди.Тантанали тадбирнинг энг ҳаяжонли ва қувончли дақиқалари мукофотлаш маросимига уланиб кетди. Тадбир якунида соҳа ривожига, ёш авлод таълим-тарбиясига муносиб ҳисса қўшиб келаётган 100 нафардан ортиқ фахрийлар, фаол устоз ва мураббийлар, шунингдек, касаба уюшмаси ходимлари эътироф этилди.Мукофотланганлар орасида Тошкент шаҳар кенгаши, Тошкент вилояти ҳамда Фанлар академияси тизимида самарали фаолият кўрсатиб келаётган фидойи устозлар, касаба уюшмалари фаоллари ва соҳа фахрийлари бор. Уларга Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ва Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Тошкент шаҳар бўлинмаси кенгашининг юксак мукофотлари, фахрий ёрлиқлари ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.Байрам тадбири соҳа ходимларининг кайфиятига кўтаринкилик улашиб, уларнинг келгуси масъулиятли ва шарафли фаолиятида янги куч-ғайрат ва илҳом бағишлади. Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси бундан кейин ҳам ҳар бир меҳнаткашнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш йўлида сидқидилдан хизмат қилишда давом этади.
