“11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни” байрами муносабати билан Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раҳбариятининг Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги 31-умумтаълим мактабида меҳнат жамоаси билан учрашув бўлиб ўтди.
Республикамизда “11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни” байрами муносабати билан “Инсон қадри учун, эл-юрт бахти учун!” деган ғоя асосида “Янги Ўзбекистоннинг янги касаба уюшмалари ўн кунлиги” эълон қилиниб, ушбу ўн кунлик тадбирлари доирасида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раҳбариятининг бошланғич ташкилотларда меҳнат жамоалари билан учрашувлари белгиланган. Шу муносабат билан Республика кенгаши раиси Р.Бедилов ва Республика кенгашининг масъул ходимлари Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги 31-умумтаълим мактабига ташриф буюрдилар ҳамда жамоа аъзолари билан мулоқот қилдилар. Тадбир давомида касаба уюшма аъзолари ўқитувчиларга бугунги кунда мамлакатимизда таълим соҳасида бўлаётган ўзгаришлар, унга қаратилган эътибор, шунингдек мазкур жараёнларда касаба уюшмалари томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида атрофлича маълумотлар берилди. Ўз навбатида тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларини бериб, таклиф ва мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.
Тадбир якунида Республика кенгаши раиси Р.Бедилов ва Республика кенгашининг масъул ходимлари касаба уюшмаси фаоли ҳамда ўз касбини фидоийси бўлган устоз мураббийлардан бир гуруҳини байрам туҳфаси сифатида эсталик совғалари билан тақдирладилар. Мазкур тадбир кўтаринки руҳда ўтиб, барчага бирдек байрамона кайфият бахш этди. Касаба уюшмлари куни муносабати билан ташкил этилаётган байрам тадбирлари Республиканинг барча таълим муассасаларида давом этмоқда.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Нукус шаҳар кенгаши