Ўзбекистонда Янги 2025 йил нафаси: Чирчиқда ўтказилган байрам тадбири
Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида Янги 2025 йил нафаси сезилмоқда. Ушбу муносабат билан турли хил тадбирлар ва байрамлар ташкил этилмоқда. Куни кеча Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги 8-умумий ўрта таълим мактабида йил якунига бағишланган катта байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раис ўринбосари М.Бобоёров ва Чирчиқ шаҳар мактаб ва мактабгача таълим бўлими бошлиғи Н.Қурбоновалар иштирок этишди. Шунингдек, Чирчиқ шаҳар таълим тизимида фаолият юритиб келаётган фахрий устозлар, юбилей ёшини нишонлаётган 31 нафар ходим ва ўз касбининг ҳақиқий устаси бўлган ўқитувчи ва ходимлар ҳам тадбирнинг асосий меҳмонлари бўлди.
Тадбир давомида Янги йил байрами муносабати билан меҳнат фаолиятида ўзининг алоҳида ҳиссасини қўшаётган 40 нафар устозлар, таълим ходимлари ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳимоясига муносиб ҳисса қўшаётган бошланғич касаба уюшма қўмита раислари қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар. Совғалар Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент вилояти кенгаши томонидан тақдим этилди.
Мазкур тадбир Янги йил байрамига хос кўтаринки кайфиятда ўтди ва иштирокчиларга илиқ таассуротлар қолдирди.