Касаба уюшмаси – ижтимоий мувозанат калити

Жамиятимизда касаба уюшмалари аллақачон энг йирик фуқаролик жамияти институтларидан бири бўлиб улгурди. Унинг ўрни нафақат меҳнат жамоасида, балки ҳар бир оилада ҳам яққол намоён бўлмоқда, бу эса ўз-ўзидан эмас.

Касаба уюшмалари Уставларида уларнинг сайлаб қўйиладиган органларининг беш йиллик ваколат муддати 2025 йилда якунланиши муносабати билан жорий йил касаба уюшмаларида сайловлар йили эканлиги барчамизга маълум.

Шу муносабат билан ўзининг кейинги беш йиллик меҳнат фаолиятига бефарқ бўлмаган меҳнат жамоаларида касаба уюшмаси ташкилотларининг ҳисобот-йиғилишлари бошланди.

Жумладан, Жиззах шаҳридаги 22-сонли, Гулистон шаҳридаги 9-сонли умумий ўрта таълим мактаблари залида йиғилган меҳнат жамоаси ваколат муддати тугаб бораётган касаба уюшма қўмитасининг ҳисоботини эшитиш, бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси ва аъзоларини сайлаш, юқори касаба уюшмаси ташкилотига делегат сайлаш мақсадида йиғилди.

 Бу икки меҳнат жамоасининг умумий йиғилиши Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерaцияси тизимидаги касаба уюшмалари ташкилотларида ҳисобот-сайловларни ўтказиш тўғрисидаги Низом талабларига риоя этган ҳолда ташкил этилиб, сайланма органларга муқобиллик асосида сайловлар ўтказилди.

Хусусан, Жиззах шаҳридаги 22-сонли мактаб касаба уюшма қўмитаси раислигига икки нафар номзоддан Феруза Пардаева, Гулистон шаҳридаги
9-сонли мактаб касаба уюшма қўмитаси раислигига уч нафар номзоддан Жулбекова Саодат йиғилиш иштирокчиларининг кўпчилик овозини олиб касаба уюшмаси қўмитаси раиси этиб сайландилар.

Йиғилишда касаба уюшмаси республика ва вилоят ташкилотлари вакиллари ҳам иштирок этиб, касаба уюшмаси органига сайланган вакиллар ва иш берувчининг келгусидаги ижтимоий шериклик муносабатларига зафарлар тилади.

Меҳнаткашларнинг кўпчилик овози билан сайланган касаба уюшма қўмитаси раиси келгусида албатта ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади, уларнинг ишончини оқлайди. Ижтимоий ҳимояланган, ҳуқуқлари таъминланган ходимнинг ишида унум ва самара бўлади, ишдан сўнг оиласига кўнгли хотиржам боради.

Ж.Яратов,
Республика кенгашининг ёшлар масалалари бўйича раис маслаҳатчиси

Добавить комментарий