АЛФРАГАНУС университетида «Экологик ўзгаришларнинг инсон саломатлигига таъсири» мавзусида танлов бўлиб ўтди
2025 йил мамлакатимизда «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йили» деб эълон қилингани муносабати билан АЛФРАГАНУС университетининг Тиббиёт факультети ташаббуси билан «Экологик ўзгаришларнинг инсон саломатлигига таъсири» мавзусида танлов ташкил этилди.
Тадбирда университет ходимлари ва талабалари фаол иштирок этиб, атроф-муҳит ва инсон саломатлиги ўртасидаги боғлиқликни ўзига хос ижодий усулларда ифодалашди. Танловда қатнашчилар ўзларининг чизган расмлари, қўл меҳнати билан ясалган макетлар, карвинг санъати намуналари ва бошқа ижодий ишланмаларини намоиш этишди. Ушбу ижодий ишлар орқали экологик муаммолар ва уларнинг инсон организмига таъсири ҳақида ёрқин тасаввур ҳосил қилиш мумкин бўлди.
Танлов жараёнида муҳокама комиссияси иштирокчиларнинг ижодий ишларини баҳолаб, энг яхши ишлар танлаб олинди. Гран-при совринига лойиқ кўрилган иштирокчи экологик муаммоларни инновацион ёндашув билан ёритиб берган ижодий иши билан ажралиб турди. Шунингдек, бир неча иштирокчилар қатор номинациялар бўйича ғолиб деб топилди. АЛФРАГАНУС университети маъмурияти ва касаба уюшмаси томонидан муносиб тақдирланди.
Танлов якунлари иштирокчиларни атроф-муҳит муҳофазасига бўлган эътиборни кучайтиришга, ёшларнинг экологик онгини оширишга ва табиатга нисбатан масъулият ҳиссини шакллантиришга хизмат қилди.
Тадбир ташаббускорлари ва иштирокчилари келгусида ҳам бундай илмий-ижодий танловлар мунтазам ўтказилишини таъкидлашди. Бу эса экологик муаммоларга ечим топиш ва инсон саломатлигини яхшилаш йўлида муҳим қадамлардан бири бўлиб хизмат қилади.






Ўзбекистон Фанлар Академияси бирлашган касаба уюшма қўмитаси