Юнусобод туманидаги 97-сонли мактабгача таълим ташкилотида жамоа шартномаси ижроси ва касаба уюшмалари фаолияти муҳокама қилинди

2025 йил 18 февраль куни Тошкент шаҳри Юнусобод тумани тасарруфидаги 97-сонли мактабгача таълим ташкилотида муҳим тадбир – ҳисобот-сайлов йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси ҳамда мазкур таълим муассасаси маъмурияти вакиллари иштирок этдилар.
Тадбир давомида, биринчи навбатда, 2024-2026 йиллар учун тузилган Жамоа шартномасининг 2024 йилдаги ижроси муҳокама қилинди. Ушбу шартнома доирасида амалга оширилган ишлар, меҳнат шароитларини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар, ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш юзасидан эришилган натижалар ҳақида батафсил ҳисобот тингланди.
Шунингдек, йиғилиш иштирокчилари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Бош Кенгашининг 2024 йил 21 декабрдаги IХ-3-сонли қарори ижросини таъминлаш юзасидан ҳам муҳокамалар ўтказдилар. Ушбу қарорга мувофиқ, касаба уюшмалари тизимида ҳисобот-сайлов жараёнларини самарали ташкил этиш ҳамда касаба уюшма аъзоларининг манфаатларини янада самарали ҳимоя қилиш мақсадида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилди.
Йиғилишда 2020 йил феврал ойидан 2025 йил феврал ойига қадар амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот тингланди. Музокаралар чоғида касаба уюшмаси қўмитасининг фаолияти ҳар томонлама кўриб чиқилиб, унинг иш самарадорлиги таҳлил қилинди. Қатнашчилар қўмитанинг меҳнат жамоаси манфаатларини ҳимоя қилишдаги фаолиятини ижобий баҳолаб, унинг иш самарадорлигини “қониқарли” деб топдилар.
Йиғилиш якунида янги қўмита аъзолари сайланди. Шунингдек, улар ўз дублёрларини танлаб, келгуси фаолиятни янада самарали ташкил этиш юзасидан таклиф ва режаларни муҳокама қилдилар.
Тадбир касаба уюшмалари тизимидаги демократик анъаналарнинг давом эттирилиши, жамоа шартномаларининг тўлиқ бажарилиши ҳамда ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва ижтимоий ҳимоясини таъминлашга қаратилган муҳим қадам бўлди.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Юнусобод туман бўлинмаси кенгаши