Наманган шаҳрида касаба уюшмаси йиғилишлари бўлиб ўтд

Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Наманган шаҳар бўлинмаси кенгаши томонидан тасдиқланган режа-жадвалга асосан тизимдаги корхона, ташкилот ва муассасаларда 2025 йил 26 февраль куни Наманган шаҳридаги 1 ва 3-сонли умумий ўрта таълим мактабларида ҳисобот-сайлов ва Жамоа шартномасининг 2024 йилдаги бажарилиши юзасидан муҳокама йиғилишлари ўтказилди.

Йиғилишларда таълим муассасаларининг бошланғич касаба уюшма қўмиталари раислари ўтган йиллар давомида амалга оширган ишлари юзасидан ҳисобот бердилар. Улар томонидан меҳнат жамоаларида ижтимоий ҳимояни кучайтириш, ходимларнинг меҳнат ва моддий шароитларини яхшилаш, турли маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун имтиёзлар яратиш борасида амалга оширилган ишларга кенг тўхталиб ўтилди. Шунингдек, жорий йил учун белгиланган устувор вазифалар юзасидан ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Йиғилишларда муассасалар иш берувчилари, касаба уюшма қўмитаси аъзолари, шунингдек, таълим соҳаси ходимлари ҳам сўзга чиқиб, касаба уюшмаларининг ролини ошириш, ходимларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ва меҳнат муносабатларини тартибга солиш бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди. Улар томонидан таълим соҳасидаги янгиликлар, кадрлар малакасини ошириш масалалари, касаба уюшмалари фаолиятини янада такомиллаштириш борасида ҳам долзарб масалалар кўтарилди.

Ҳисобот-сайлов йиғилишларида муассаса касаба уюшма қўмитаси раисига сайловлар муқобиллик асосида ташкил этилди. Овоз бериш жараёнлари очиқ овоз бериш йўли орқали амалга оширилди. Муассаса қўмита аъзолари ўзларига дублёрларни танлаб олишди ва келгуси фаолиятда ёш кадрларни жалб қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Жойларда ўтказилаётган ҳисобот-сайлов ва умумий йиғилишларнинг барчасида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Наманган шаҳар бўлинмаси кенгаши раиси А. Умаров шахсан иштирок этиб, касаба уюшмаларининг аҳамияти, уларнинг жамиятдаги ўрни ҳамда фаолиятини янада самарали ташкил этиш йўналишида ўз тавсияларини бериб келмоқда. Шунингдек, у ҳар бир муассасада меҳнат жамоаларининг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий шароитларини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиб, мавжуд муаммоларни ҳал этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишни таклиф қилди.

Ушбу йиғилишлар касаба уюшмалари фаолиятини янада ривожлантириш, таълим муассасаларида ижтимоий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

А. Умаров,
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Наманган шаҳар бўлинмаси кенгаши

Добавить комментарий