Муборак туманида касаба уюшмаси йиғилиши бўлиб ўтди





Муборак тумани 4 давлат мактабгача таълим ташкилотида 2023-2025 йиллар учун тузилган жамоа шартномасининг 2024 йилдаги ижросига бағишланган умумий йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда ташкилотнинг раҳбарияти, касаба уюшма қўмитаси аъзолари, педагог ва техник ходимлар иштирок этишди. Тадбирда жамоа шартномасининг 2024 йилдаги ижроси юзасидан ташкилот директори ҳамда касаба уюшма қўмитаси раиси кенг қамровли ҳисобот тақдим этди. Ҳисоботда меҳнат шароитларини яхшилаш, ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш ва таълим жараёнини самарали ташкил этиш борасида амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди.
Йиғилиш қатнашчилари жамоа шартномасининг ижросини муҳокама қилиб, унинг самарадорлигини баҳоладилар. Муҳокамалар давомида жамоа шартномасида белгиланган мақсадлар ва вазифаларни бажариш бўйича эришилган ютуқлар, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш бўйича таклифлар билдирилди. Йиғилиш иштирокчилари томонидан жамоа шартномасининг 2024 йилдаги ижроси “қониқарли” деб топилди.
Шундан сўнг ташкилот касаба уюшма қўмитасининг ҳисобот-сайлов йиғилиши ўтказилди. Унда қўмита раиси 2020-2025 йиллар давомида амалга оширган ишлар юзасидан ҳисобот берди. Ҳисоботда ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, меҳнат шартларини яхшилаш, таълим сифати ва ташкилот фаолиятини ривожлантириш борасида қўмита томонидан олиб борилган ишлар тўғрисида сўз юритилди.
Йиғилишда қўмита аъзолари ва ташаббускор ходимлар томонидан бир қатор таклифлар билдирилди, шунингдек, келгуси давр учун устувор вазифалар белгилаб олинди. Сайловни яширин овоз бериш тартибида ўтказишга келишиб олинди. Йиғилиш натижасига кўра, янги қўмита раиси ҳамда таркиби сайланди. Шунингдек, туман бўлинмаси I конференциясига делегат сайлаш масаласи муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Йиғилиш якунларига кўра, ташкилот жамоаси бирлашган ҳолда келгуси фаолиятини янада самарали ташкил этиш, меҳнат шароитларини яхшилаш ва таълим сифатини ошириш борасида ҳамкорликда иш олиб боришга келишиб олди.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Муборак туман бўлинмаси кенгаши
