Янгийўл туманида касаба уюшмаси йиғилиши бўлиб ўтди

2025 йил 3 март куни Тошкент вилояти, Янгийўл тумани, Мактабгача ва мактаб таълими тизими тасарруфидаги 56-сонли умумий ўрта таълим мактабида муҳим йиғилиш бўлиб ўтди. Ушбу йиғилиш 2023-2025-йилларга мўлжалланган жамоа шартномасининг 2024-йилдаги ижроси ҳамда ҳисобот-сайловлар юзасидан ташкил этилди.
Йиғилишда мактаб маъмурияти, ўқитувчилар жамоаси, касаба уюшмаси фаоллари ҳамда бошқа масъул шахслар иштирок этдилар. Тадбир давомида мактабнинг ўқув жараёни, педагогик жамоанинг меҳнат шароитлари ва ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.
Йиғилишда мактаб ўқув ва тарбиявий ишлари бўйича директор ўринбосари М. Рахмонқулова ва бошланғич касаба уюшмаси раиси Г. Саттарова маъруза қилдилар. Улар жамоа шартномасининг бажарилиши, иш шароитларининг яхшиланиши, ўқитувчиларга яратилган имкониятлар, шунингдек, келгусидаги режалар ҳақида батафсил маълумот бердилар.
Шундан сўнг йиғилишда иштирок этган ходимлар томонидан маърузалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди ва муҳокамалар ўтказилди. Музокараларда сўзга чиққан ходимлар томонидан бошланғич касаба уюшмаси раиси Г. Саттарованинг фаолияти қониқарли деб топилди. У ўз фаолияти давомида педагогик жамоанинг манфаатларини ҳимоя қилиш, иш шароитларини яхшилаш ҳамда мактаб жамоаси билан самарали ҳамкорлик қилиш борасида юқори натижаларга эришгани қайд этилди. Шу сабабли, Г. Саттарова навбатдаги 5 йил муддатга бошланғич касаба уюшмаси раиси лавозимига қайта сайланди.
Бундан ташқари, йиғилишда Янгийўл тумани касаба уюшма кенгаши конференциясига делегатлар сайлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Натижада, бошланғич касаба уюшмаси раиси Г. Саттарова ушбу конференцияга делегат сифатида сайланди.
Йиғилиш якунида жамоа шартномасининг ижросини янада самарали таъминлаш, педагогик жамоа манфаатларини ҳимоя қилиш, ўқитувчилар учун қулай иш шароитларини яратиш ҳамда келгуси фаолиятда касаба уюшмасининг янада фаоллигини ошириш бўйича тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.
Шу тариқа, 2024-йилда жамоа шартномасининг ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, келгусидаги устувор вазифалар белгилаб олинди.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Янгийўл тумани кенгаши