Касаба уюшмасининг маънавият дарси бўлиб ўтди

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси томонидан ғазал мулкининг султони Алишер Навоий, шунингдек, давлат ва жамоат арбоби Захириддин Муҳаммад Бобурнинг туғилган санлари ҳамда уларнинг бизгача етиб келган маънавий-маданий мерос ҳисобланган асарларига бағишланган маънавият дарси ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича масъул ташкилотчиси Р. Абдураҳмонов, Нукус шаҳар бўлими бошлиғи М. Дауилбаев, Нукус шаҳар умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим ташкилотлари касаба уюшмалари раҳбарлари, институт касаба уюшмаси қўмитаси факультет цех бошлиқлари иштирок этдилар. Шунингдек, тадбирда институт профессор-ўқитувчилари, талабалар, адабиёт ва маданиятга қизиқувчи ёшлар ҳам фаол иштирок этишди.

Маънавият дарсида институтнинг Туркий тиллар факультети ўзбек адабиёти кафедраси ассистент-ўқитувчиси Махсуд Эргашев тарихий шахсларнинг ҳаёти ва ижоди, хизматлари ҳақида маълумотлар берди. У ўз маърузасида Алишер Навоийнинг бадиий ва илмий мероси, унинг шеъриятидаги умуминсоний қадриятлар ва маънавий тарбия масалалари ҳақида атрофлича маълумот берди. Шунингдек, Захириддин Муҳаммад Бобурнинг нафақат шоир, балки моҳир саркарда ва давлат арбоби сифатидаги фаолияти, унинг «Бобурнома» асарининг аҳамияти ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

Шунингдек, маънавият дарсида иштирок этганлар томонидан Алишер Навоий ва Бобурнинг ижодий фаолиятига оид қизиқарли маълумотлар тақдим этилди. Талабалар уларнинг шеърларидан парчалар ўқидилар, асарларига оид ўз таҳлилларини тақдим қилдилар. Шу билан бирга, тадбир доирасида Навоий ва Бобур меросини ўрганишга бағишланган кўргазма ҳам ташкил этилди. Бу ерда уларнинг асарлари, илмий тадқиқотлар ва улар ҳақида ёзилган китоблар намойиш этилди.

Тадбир иштирокчилари Алишер Навоий ва Бобур сингари буюк шахсларнинг маънавий мероси ҳозирги кунда ҳам жуда долзарб эканлигини, уларнинг ижоди ҳар бир ёшнинг қалбида ватанпарварлик ва маърифатга бўлган муҳаббатни уйғотишини таъкидладилар. Шунингдек, тадбир доирасида ёшларнинг адабиёт ва маданиятга бўлган қизиқишларини янада ошириш, Навоий ва Бобур асарларини чуқурроқ ўрганиш мақсадида турли танловлар ва давра суҳбатларини ташкил этиш таклифлари билдирилди.

Маънавият дарси маърифий руҳда ўтди ва барча иштирокчилар учун унутилмас хотираларга бой бўлди. Тадбир якунида ташкилотчилар томонидан барча иштирокчиларга миннатдорчилик билдирилди ва бундай маърифий учрашувлар келгусида ҳам давом этиши таъкидланди.

М. Дауилбаев,
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Нукус шаҳар бўлинмаси кенгаши раиси

Добавить комментарий