Тойлоқ туманида касаба уюшмаси йиғилиши бўлиб ўтди



2025 йил 4 март куни Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Тойлоқ туман бўлинмаси кенгаши тизимидаги 20 давлат мактабгача таълим ташкилотида 2023-2025 йилларга тузилган Жамоа шартномасининг 2024 йил ижроси ҳамда ҳисобот-сайлов йиғилишлари бўлиб ўтди.
Йиғилишда ташкилот раҳбари Алиқулова Дилфуза ва бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Махмадиева Гулдасталарнинг ҳисоботлари эшитилди. Шунингдек, жамоа шартномаси ижросини назорат қилувчи комиссиянинг расмий ДАЛОЛАТНОМАСИ иштирокчиларга тақдим этилди. Унда жамоа шартномасининг 2024 йилдаги ижроси бўйича амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар хусусида атрофлича маълумот берилди.
Йиғилиш қатнашчилари Жамоа шартномасининг 2024 йилдаги ижросини муҳокама қилган ҳолда, унинг бажарилиши “қониқарли” деб баҳоладилар ва тегишли қарор қабул қилинди.
Жамоа шартномаси ижросига бағишланган йиғилиш якунланганидан сўнг, қисқа танаффус эълон қилинди. Танаффусдан кейин эса 20 давлат мактабгача таълим ташкилоти бошланғич касаба уюшмаси ташкилотининг ҳисобот-сайлов йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда касаба уюшмаси қўмитаси раиси томонидан сўнгги 5 йиллик даврда амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берилди. Унда касаба уюшмаси аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, меҳнат шароитларини яхшилаш, ижтимоий кафолатларни таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар ҳақида сўз борди. Йиғилиш қатнашчилари қўмитанинг фаолиятини “қониқарли” деб баҳоладилар.
Шунингдек, касаба уюшмаси қўмитаси раиси сайлови муқобиллик асосида ўтказилиб, натижада кўпчилик овоз билан Махмадиева Гулдаста яна бир бора 20 давлат мактабгача таълим ташкилоти бошланғич касаба уюшмаси раиси этиб сайланди. Йиғилиш давомида касаба уюшмаси Қўмита аъзолари таркиби ҳам қайта шакллантирилди ва сайлов натижалари эълон қилинди.
Йиғилишда қабул қилинган қарорлар, келгусида амалга ошириладиган ишлар ва касаба уюшмаси фаолиятининг устувор йўналишлари белгилаб олинди. Бу каби тадбирлар мактабгача таълим тизими ходимларининг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Тойлоқ туман бўлинмаси кенгаши