Замонавий касаба уюшмаси ҳаракатида таълим соҳасидаги хотин-қизларнинг роли

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан юртимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ислоҳатлар амалга оширилмоқда. Юртимизда меҳнаткаш, олижаноб халқимиз, биринчи навбатда, хотин-қизларимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш — давлатимиз ва жамиятимизнинг энг устувор вазифаси этиб белгиланган. Жумладан, “Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида хотин-қизларнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий фаоллигини ошириш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, гендер тенгликни қарор топтириш, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ҳозирги вақтда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 2017 йилдаги 27 фоиздан 2024 йилда 35 фоизга етгани айниқса эътиборлидир. Шу билан бирга, юзлаб оқила аёллар ҳаётимизнинг барча соҳаларида жонбозлик билан фаолият кўрсатаётгани барчамизни қувонтиради.

Ушбу шиддатли ислоҳатлар таълим соҳасида, шу жумладан тармоқ касаба уюшмаси ташкилотларида ҳам самарали амалга оширилаётганини таъкидлаш лозим.

Шу мақсадда жорий йилнинг 3 март куни Тошкент шаҳридаги 110-сонли умумтаълим мактабида «Замонавий касаба уюшмаси ҳаракатида таълим соҳасидаги хотин-қизларнинг роли» мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда айнан тармоқ касаба уюшмаларида амалга оширилаётган ишларга ва самарали фаолият юритаётган хотин-қизларга эътибор қаратилди. Шунингдек, тадбирда бир қатор вазирлик ва идоралар, ҳамкор ташкилотлар масъуллари ҳамда кўплаб касаба уюшмаси фаоллари иштирок этдилар.

Тадбирни Республика кенгаши раиси ўринбосари Джалилов Шухрат Илхомович очиб берди. Сўнгра дастурга мувофиқ, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Хотин-қизлар кенгаши раиси Тохтаева Гўзал Кашибовна, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Гаибназарова Нодира Баходиржановна маъруза қилишди.

Шунингдек, “Miss Universe Uzbekistan” танлови ғолиби, “Коинот гўзали-2024” танлови иштирокчиси Фаҳритдинова Нигина ўз маърузасида гўзаллик сирлари, соғлом турмуш тарзи ҳақида мастер-класс ва керакли тавсияларни берди.

Тадбирнинг кейинги қисмида энг фаол туман ва шаҳар кенгаши раислари ўртасида беллашув бўлиб ўтди. Ушбу танлов “Замонавий раҳбар аёл” деб номланиб, иштирокчилар 3 та шарт бўйича беллашдилар. Биринчи шартда муаммоли вазиятлар бўйича саволларга жавоб беришди. Иккинчи шартда замонавий касаба уюшмаси бўйича тасаввурларини кўргазмали баён қилишди. Учинчи шартда эса миллий кийим намойишлари бўлиб ўтди.

Танлов юқори савияда ташкил этилди ва ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, Касаба уюшмаси Чуст туман бўлинмаси кенгаши раиси, Халқ депутатлари Чуст туман кенгаши депутати Фазлидинова Мукаддас Туйчиевна бир овоздан “Олий ўрин”ни қўлга киритди.

Шунингдек, тадбирда халқимиз севган санъаткорлар хотин-қизларга аъло кайфият улашди. Тадбир якунида барча меҳмонлар ва иштирокчилар қимматбаҳо совғалар ва гуллар билан тақдирландилар.

Л. Турикова,
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши бош мутахассиси

Добавить комментарий