Ғаллаорол туманида касаба уюшмаси йиғилиши бўлиб ўтди



Ғаллаорол тумани Баркамол авлод болалар мактабида бўлиб ўтган меҳнат жамоасининг умумий йиғилишида жамоа шартномасининг 2024 йилда бажарилиши муҳокама қилинди. Йиғилишда шартнома бўйича амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ва келгуси режалар ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, жамоа шартномасининг ижросидаги камчиликлар ва уларни бартараф этиш чоралари ҳам муҳокама қилинди.
Шу куни касаба уюшма ташкилотининг ҳисобот-сайлов йиғилиши ҳам ўтказилди. Йиғилиш давомида касаба уюшмасининг ўтган даврдаги фаолияти таҳлил қилиниб, ташкилот аъзоларининг манфаатларини ҳимоя қилиш, меҳнат шартларини яхшилаш ва ижтимоий кафолатларни мустаҳкамлаш борасидаги ишларга тўхталиб ўтилди. Ташкилотнинг янги раҳбариятини сайлаш масаласи ҳам кун тартибига қўйилиб, номзодлар кўриб чиқилди ва овозга қўйилди.
Йиғилишда туман бўлинмаси кенгаши раиси А.Шакарбоев иштирок этди ва келгуси вазифалар тўғрисида нутқ сўзлади. У ўз чиқишида касаба уюшмаларининг меҳнат жамоаларида тутган ўрни, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишдаги роли ҳақида тўхталди. Шунингдек, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган устувор йўналишлар, шу жумладан, меҳнат шароитларини яхшилаш, жамоавий шартномаларнинг самарадорлигини ошириш ва ходимларнинг ҳуқуқий билимларини кучайтириш бўйича тавсиялар берилди.
Йиғилишда иштирок этганлар ўз фикр ва таклифлари билан чиқиш қилдилар, меҳнат жамоасининг фаолиятини янада самарали ташкил этиш юзасидан таклифлар билдирдилар. Ушбу йиғилиш жамоа аъзолари ўртасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва меҳнат муносабатларини янада ривожлантиришда муҳим қадам бўлди.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Ғаллаорол туман бўлинмаси кенгаши