Ёзёвон туманида касаба уюшмаси йиғилиши бўлиб ўтди


2025-йилнинг 11 март куни ТФХКУ Ёзёвон туман бўлинмаси кенгаши бошланғич ташкилоти тасарруфидаги 37-умумий ўрта таълим мактабида 2023-2025 йилларга тузилган жамоа шартномасининг бажарилиши бўйича ҳисоботи ҳамда 2020-2024-йиллар ҳисобот-сайлов йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси туман бўлинмаси кенгаши раиси И.Ҳусанов иштирок этди. Жамоа шартномасини бандларини бажарилиши бўйича иш берувчи ва касаба уюшма ташкилот раиси маърузалари ўқиб эшиттирилди.
Йиғилиш давомида 2020-2024 йилларда касаба уюшма томонидан амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди. Шунингдек, жамоа шартномасининг бажарилиши, унинг ижроси ва натижалари бўйича иштирокчилар ўртасида савол-жавоблар ташкил этилди. Мактаб жамоаси ва касаба уюшма аъзолари ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб, мавжуд муаммолар, уларнинг ечимлари ҳамда келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифалар ҳақида фикр алмашдилар.
Йиғилишда таълим муассасасида меҳнат қилаётган ўқитувчилар ва ходимларнинг меҳнат шароитлари, уларнинг ижтимоий ҳимояси, моддий ва маънавий қўллаб-қувватланиши борасида ҳам музокаралар олиб борилди. Касаба уюшманинг бу борадаги вазифалари, унинг аъзолари учун яратилаётган имтиёз ва имкониятлар ҳақида маълумот берилди. Шу билан бирга, мактаб жамоаси томонидан таълим сифатини ошириш, ўқитувчиларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича таклифлар билдирилди.
Йиғилишда иш берувчи ва касаба уюшма ташкилот раиси томонидан тақдим этилган маърузаларда ишчиларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳимояси, уларнинг моддий ва маънавий рағбатлантирилиши, шунингдек, таълим сифатини оширишга қаратилган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Йиғилишда сўзга чиққанлар таълим тизимини ривожлантириш борасидаги таклиф ва ташаббусларини ҳам билдирдилар.
Йиғилиш якунида туман бўлинмаси кенгаши раиси И.Ҳусанов касаба уюшмалари тарихи ҳамда бугунги кунда касаба уюшмалари томонидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида сўз юритиб, уларнинг 120 йиллик байрамига тайёргарлик ишлари ҳақида маълумот берди. Шунингдек, у байрамни муносиб равишда нишонлаш учун барча аъзолар фаоллик кўрсатишлари лозимлигини таъкидлади.
Йиғилиш қизғин баҳс ва муҳокамалар руҳида ўтди ва унда билдирилган таклиф ва мулоҳазалар келгусида амалга ошириладиган ишлар режасига киритилиши белгиланди. Йиғилиш иштирокчилари келгуси фаолиятда ҳам жипслик ва бирдамликда иш олиб боришга ваъдалар бердилар.
И.Ҳусанов,
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Ёзёвон туман бўлинмаси кенгаши раиси