Огахий номидаги мактаб-интернатида жамоа шартномаси бажарилиши ҳамда ҳисобот-сайлов йиғилишлари бўлиб ўтди





2025 йил 26 март куни Хива шаҳридаги Огахий номидаги мактаб-интернатида 2023-2025 йилларга мўлжалланган жамоа шартномасининг 2024 йилдаги бажарилишига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда мактаб-интернат раҳбарияти, ўқитувчилар, касаба уюшма қўмитаси аъзолари ва бошқа манфаатдор томонлар иштирок этдилар.
Йиғилишда мактаб-интернати директори Н.Абдуллаев ҳамда касаба уюшма қўмитаси раиси Н.Алламова жамоа шартномасининг 2024 йилдаги бажарилиши юзасидан ҳисобот бердилар. Улар жамоа шартномасида белгиланган ижтимоий ва меҳнат масалалари, ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, меҳнат шароитларини яхшилаш юзасидан амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталдилар.
Шунингдек, йиғилиш давомида ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссиянинг далолатномаси ўқиб эшиттирилди ва тасдиқланди. Унда ходимларнинг меҳнат шартлари, маошлар, ижтимоий кафолатлар, ишчи-хизматчиларнинг турли муаммоларини ҳал этиш бўйича амалга оширилган ишлар ўз аксини топди. Йиғилиш иштирокчилари жамоа шартномасига 2025 йил учун бир қатор қўшимчалар киритишга келишиб олдилар.
Шунингдек, мазкур тадбир доирасида касаба уюшма қўмитасининг 2020-2025 йиллар давомидаги фаолиятига бағишланган ҳисобот-сайлов йиғилиши ҳам ўтказилди. Йиғилишда қўмитанинг беш йиллик фаолияти сарҳисоб қилиниб, унинг натижалари муҳокама қилинди. Қатнашчилар қўмитанинг меҳнат жамоаси манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолиятини юқори баҳоладилар.
Йиғилиш иштирокчилари қўмита раиси ва аъзоларини очиқ овоз бериш йўли билан қайта сайладилар. Шунингдек, қўмита аъзоларига дублёрлар тасдиқланди ва шаҳар касаба уюшмалари ташкилоти конференциясига делегат сайланди.
Йиғилиш давомида мамлакатимизда 2025 йилда касаба уюшмаларининг 120 йиллиги нишонланиши муносабати билан режалаштирилган тадбирлар ва келгуси вазифалар хусусида ҳам муҳокамалар олиб борилди. Ушбу тарихий санага бағишланган тадбирлар доирасида меҳнат жамоаларининг ҳуқуқ ва манфаатларини янада мустаҳкамлаш, уларни рағбатлантириш, турли маданий-маърифий ҳамда тарғибот ишларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилиш жамоа шартномасининг ўз вақтида ва самарали бажарилиши, ходимларнинг ижтимоий ҳимояси ҳамда меҳнат муносабатларини янада такомиллаштириш борасида муҳим аҳамият касб этди. Тадбир якунида иштирокчилар томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар инобатга олинди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Хива шаҳар кенгаши