Наманган давлат педагогика институтида жамоа шартномаси бажарилиши ва касаба уюшмаси фаолияти муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 7 апрель куни Наманган давлат педагогика институтида муҳим тадбир — касаба уюшма қўмитасининг ҳисобот-сайлов йиғилиши бўлиб ўтди. Ушбу йиғилишда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Наманган вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Л. Ғаниев, институт ректори Б. Хусанов, соҳа проректорлари, факультетлардан сайланган 61 нафар делегатлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Йиғилиш институтида меҳнат фаолиятини юритиб келаётган ходимларнинг ҳуқуқлари, меҳнат шароитлари, ижтимоий муҳофазаси ва бошқа муҳим масалаларда амалга оширилган ишлар юзасидан атрофлича таҳлил ва муҳокамаларга бой бўлди.

Кун тартибига асосан, институт касаба уюшма қўмитаси раиси Б. Камолов ўз ҳисоботи билан сўзга чиқди. У 2022 йил июн ойидан 2025 йил март ойига қадар бўлган даврда амалга оширилган ишлар, жамоа шартномалари бажарилиши, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кўрилган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берди. Ҳисобот йиғилиш иштирокчилари томонидан қониқарли деб топилди.

Йиғилишнинг муҳим қисми — касаба уюшма қўмитасига янги раисни сайлаш жараёни бўлди. Очиқ овоз бериш асосида, муқобил сайлов натижаларига кўра, Арт педагогикаси кафедраси ўқитувчиси, фалсафа фанлари доктори (PhD), доцент Э. Тожибоев институт касаба уюшма қўмитасининг янги раиси этиб сайланди.

Шунингдек, йиғилиш давомида касаба уюшма қўмитасининг раис ўринбосари ва қўмита аъзолари ҳам сайланди. Институт тафтиш комиссиясининг ҳисоботи эшитилди ва янгиланган таркибдаги комиссия ҳам сайлаб олинди. Бу — касаба уюшмасининг молиявий ва ташкилий фаолиятини шаффоф ва самарали ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади.

Йиғилишда яна бир муҳим масала — қўмита аъзолари ва раис, ўринбосарлари учун дублюр ходимларни белгилаш бўйича ҳам қарор қабул қилинди. Бу, ўз навбатида, касаба уюшмасининг изчил ва узлуксиз фаолият юритишини таъминлашга хизмат қилади.

Йиғилиш якунида барча муҳокама қилинган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди. Тадбир фаол, очиқ ва конструктив муҳитда ўтди. Янги сайланган раҳбариятдан жамоа катта умидлар билан янгича ғоя ва ташаббуслар кутади.

Л. Ғаниев,
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Наманган вилояти бўйича масъул ташкилотчиси

Добавить комментарий