«Касаба уюшмалари кеча, бугун ва эртага» мавзусидаги эсселар танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 8 апрель куни “Касаба уюшмалари кеча, бугун ва эртага” мавзусидаги эсселар танловининг вилоят босқичи юқори савияда ташкил этилди. Мазкур танлов Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Низоми асосида ўтказилиб, унинг адолатли ва холис баҳоланишини таъминлаш мақсадида масъул ташкилотчи раислигида фахрий педагоглар, малакали мутахассислар, туман ва шаҳарлардаги касаба уюшмалари бўлинмалари кенгаш раисларидан иборат вилоят комиссияси тузилди.

Танловда Наманган вилоятининг 14 та туман ва шаҳарларидан сараланган, энг яхши деб топилган эсселар тақдим этилди. Комиссия аъзолари ҳар бир ишни эътибор билан кўриб чиқиб, Низом талабларига мувофиқ холис баҳолашди.

Тадбирнинг бошланишида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилоятига бириктирилган масъул ходими М.Содиқов, тармоқ касаба уюшмалари вилоят кенгаши раислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шу жумладан “Ишонч” газетасининг Наманган вилоятидаги мухбири иштирок этиб, комиссия аъзоларига ва барча қатнашчиларга муваффақият тиладилар.

Танлов натижаларига кўра, энг юқори балл тўплаган Янгиқўрғон туманидаги 50-сонли умумий ўрта таълим мактаби она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Юлдашева Шахзода Тошпўлатовна 1-ўринга сазовор деб топилди.

Бу каби танловлар ёш авлодни касаба уюшмалари фаолияти, унинг аҳамияти ҳамда тарихий илдизлари билан таништириш, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий жараёнлардаги ўрнини англатишда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, бундай ташаббуслар келгусида ҳам тизимли равишда давом эттирилиши кутилмоқда.

Л.Ганиев,
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Наманган вилояти бўйича масъул ташкилотчиси

Добавить комментарий