Ғиждувон туманида б“Йилнинг энг яхши тарбиячиси-2025” касбий кўрик танлови ўтказилди





Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб турли соҳаларда фаолият олиб бораётган ходимлар ўртасида турли хил танловлар, семинарлар ва учрашувлар ўтказилмоқда. Шу жумладан, таълим соҳасида ҳам тарбиячи ва ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш, уларни рағбатлантириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш мақсадида кўплаб тадбирлар ташкил этилмоқда.
Шу маънода, Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Ғиждувон туман бўлинмаси кенгаши ва Ғиждувон туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамкорлигида 2025 йил 8-апрель куни “Йилнинг энг яхши тарбиячиси – 2025” касбий кўрик танлови туман босқичи юқори савияда ўтказилди.
Мазкур танлов, аввало, мактабгача таълим тизимида фаолият юритаётган тарбиячиларнинг меҳнатини эътироф этиш, уларнинг фидокорона хизматини қўллаб-қувватлаш ҳамда улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилди. Кўрик танловда тумандаги 75 нафар давлат мактабгача таълим ташкилотларидан 68 нафар тарбиячи иштирок этди.
Иштирокчилар танлов давомида ўзларининг назарий билимлари, амалий кўникмалари ва тарбия жараёнида қўллаётган инновацион ёндашувларини намоён этдилар. Жумладан, улар таълим-тарбия жараёнини замонавий усуллар асосида ташкил этиш, болаларда ижодкорлик ва мустақил фикрлаш қобилиятини ривожлантиришга қаратилган машғулотлар намунасини тақдим этишди.
Танлов натижаларига кўра, фахрли ўринларни эгаллаган тарбиячилар аниқланиб, улар туман кенгаши томонидан эсдалик совғалари ва дипломлар билан тақдирландилар. Бу эса, албатта, тарбиячиларнинг келгусида янада юқори натижаларга эришишларига, ўз устида доимий ишлашларига туртки бўлади.
Шу каби тадбирлар нафақат мутахассисларнинг касбий маҳоратини ошириш, балки болалар таълим-тарбияси сифатига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. “Йилнинг энг яхши тарбиячиси – 2025” танлови ҳам ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилувчи муҳим лойиҳалардан бири бўлиб қолади.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Ғиждувон туман бўлинмаси кенгаши