«Ўзбекистон бўйлаб сайёҳат қил!» шиори остида Самарқандга саёҳат

«КАСАБА УЮШМАЛАРИ ҲАРАКАТИНИНГ 120 ЙИЛЛИГИГА» бағишлаб, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Материалшунослик институти раҳбарияти ва Бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси ҳамкорлигида катта ва муҳим тадбир амалга оширилди. Ушбу тадбир доирасида институтнинг 50 нафар ишчи-ходимлари учун қадимий ва навқирон Самарқанд шаҳрига саёҳат ташкил этилди.

«Ўзбекистон бўйлаб сайёҳат қил!» шиори остида ўтказилган ушбу саёҳат, ишчи-ходимларнинг маданий ҳордиқ чиқариши, тарихий меросимизни яқиндан ўрганиши ва бир-бири билан яқинроқ мулоқот қилиши учун катта имконият бўлди.

Самарқанд шаҳри – Марказий Осиёнинг энг қадимий ва машҳур шаҳарларидан бири бўлиб, у кўп асрлик тарихга, бетакрор меъморий ёдгорликларга ва бой маданий меросга эга. Саёҳат давомида иштирокчилар шаҳарнинг кўплаб машҳур масканларини зиёрат қилишди. Улар орасида Регистон майдони, Шоҳизинда мажмуаси, Бибихоним масжиди, Гур-Амир мақбараси ва бошқа тарихий обидалар бор эди.

Саёҳат давомида иштирокчилар Самарқанд шаҳрининг тарихий аҳамияти, у ерда яшаб ижод қилган алломалар ва усталар ҳақида тўлиқ маълумотларга эга бўлишди. Маҳаллий гидлар томонидан берилаётган қизиқарли маълумотлар, тарихий воқеалар ҳақидаги ривоятлар ва обидаларнинг архитектураси меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Бундай маданий-маърифий саёҳатлар ишчи-ходимларнинг маънавий дунёсини бойитиш, уларнинг миллий тарихимиз ва меросимизга бўлган муҳаббатини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Бу эса ўз навбатида, уларнинг меҳнат фаолиятида янада илҳомли ва самарали ишлашларига туртки бўлади.

Ўзбекистон Республикаси ФА Материалшунослик институти раҳбарияти ва касаба уюшмаси қўмитасига мазкур ташаббус учун миннатдорчилик билдирамиз. Ушбу тадбир касаба уюшмаларининг жамиятдаги муҳим ўрни ва фаолиятини яна бир бор намоён қилди.

Ш. Жўраев,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси БКУҚ раиси

Добавить комментарий