561-ДМТТда жамоа шартномаси ижроси ва ҳисобот-сайлов йиғилиши ўтказилди

2025 йил 14 апрель куни Чилонзор тумани Мактабгача ва мактаб таълими тасарруфидаги 561-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти маъмурияти ҳамда касаба уюшма қўмитаси ўртасида 2023–2025 йиллар учун тузилган Жамоа шартномасининг 2024-йилдаги ижроси юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.

Ушбу муҳим тадбир, шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Бош кенгашининг 2024 йил 21 декабрда қабул қилинган IX-3-сонли “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги касаба уюшмалари ташкилотларида ҳисобот-сайловларни ўтказиш тўғрисида”ги Низоми асосидаги Ҳисобот-сайлов йиғилиши сифатида ташкил этилди.

Йиғилишда касаба уюшмаси қўмитасининг 2020 йил февралдан 2025 йил февралгача бўлган давр мобайнидаги фаолияти ҳақидаги ҳисоботи тингланди. Ҳисобот давомида ташкилот томонидан ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-иқтисодий манфаатларини таъминлаш, меҳнат муҳофазаси ва ходимлар учун муносиб шарт-шароит яратишга қаратилган ишлар алоҳида қайд этилди.

Йиғилиш кун тартибидаги масала юзасидан иштирокчилар фаол музокаралар олиб боришди. Йиғилиш иштирокчилари касаба уюшмасининг кейинги фаолиятини янада самарали ташкил этиш, жамоа шартномасида белгиланган бандларнинг тўлиқ бажарилишига эришиш, шунингдек, уюшма аъзолари ўртасида янада яқин ҳамкорлик ўрнатиш зарурлиги ҳақида ўз фикр ва таклифларини билдирди.

Шунингдек, сайланган касаба уюшма аъзолари ўз дубликатларини (ўринбосарларини) танладилар. Бу эса уюшма фаолиятида барқарорликни таъминлаш, ёш ва фаол кадрларни жалб қилишда муҳим қадам бўлди.

Йиғилиш якунида ташкилот касаба уюшмаси раиси этиб Мирзаева Мукаддам Қўчқоровна сайланди. Унинг бу лавозимга сайланиши жамоа аъзолари томонидан бир овоздан маъқулланди ва келгусидаги фаолият учун катта ишонч билдирилди.

Ушбу йиғилиш 561-ДМТТ жамоаси ҳаётида муҳим аҳамият касб этди. Бу каби тадбирлар ташкилотда демократик бошқарувнинг таъминланиши, ходимларнинг фикр ва таклифларини тинглаш ҳамда касаба уюшмаси орқали уларни амалиётга татбиқ этишда катта аҳамият касб этади.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Чилонзор туман кенгаши

Добавить комментарий