Урганчда 25-сонли МТТда жамоа шартномаси ва касаба уюшма фаолияти бўйича йиғилиш бўлиб ўтди



2025 йил 16 апрель куни Урганч шаҳридаги 25-сонли мактабгача таълим ташкилотида Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Урганч шаҳар бўлинмаси тизимида навбатдаги муҳим йиғилиш бўлиб ўтди. Унда жамоа шартномасининг 2024 йилдаги бажарилиши якунлари муҳокама қилинди ҳамда 2025 йил учун қўшимчалар киритилди. Шунингдек, ташкилотнинг ҳисобот-сайлов йиғилиши ҳам ўтказилди.
Йиғилишда меҳнат жамоаси аъзолари, МТТ маъмурияти ва бошланғич касаба уюшма қўмитаси фаоллари иштирок этди. Жамоа шартномасининг бажарилиши юзасидан МТТ директори Л.Б. Шерджанова ҳамда касаба уюшма қўмитаси раиси Ш. Аллаберганов ўз ҳисоботлари билан чиқиш қилди. Ҳисоботларда 2024 йилда амалга оширилган ижтимоий-иқтисодий чора-тадбирлар, ходимлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ишлар, меҳнат шароитларини яхшилашга қаратилган ташаббуслар ҳақида маълумот берилди.
Шу билан бирга, ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссиянинг далолатномаси тингланиб, йиғилиш иштирокчилари томонидан бир овоздан маъқулланди. Йиғилиш якунида жамоа шартномасига 2025 йил учун киритилган қўшимчалар тасдиқланди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
Кун тартибидан ўрин олган яна бир муҳим масала – касаба уюшма ташкилотининг ҳисобот-сайлов йиғилиши бўлди. Унда бошланғич касаба уюшма қўмитасининг 2022–2024 йиллардаги фаолияти қониқарли деб баҳоланди. Ташкилий масалалар муҳокамасида касаба уюшма қўмитаси раиси лавозимига сайлов ўтказилиб, унда номзодлар муқобиллик асосида очиқ овоз бериш йўли билан иштирок этди. Шунингдек, қўмита аъзолари ва уларнинг дублёрлари ҳам аниқланиб, тасдиқдан ўтди.
Ушбу йиғилиш касаба уюшма ташкилотининг очиқлик, ҳамкорлик ва демократия тамойиллари асосида фаолият юритишига яна бир бор амалий исбот бўлди. Ходимларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ижтимоий муҳофазасини таъминлаш борасидаги ишлар келгусида ҳам изчил давом эттирилиши белгиланди.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Урганч шаҳар кенгаши