«Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кубоги»нинг вилоят босқичи бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 17 апрель куни Сирдарё вилоятида таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси тармоғидаги туман ва шаҳар кенгашларида ғолиб бўлган ходимлар ўртасида «Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллиги» муносабати билан спортнинг шахмат тури бўйича «Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кубоги» мусобақасининг вилоят босқичи юқори савияда ўтказилди.

Мусобақа касаба уюшмалари тарихидаги муҳим сана — 120 йиллик юбилей муносабати билан ташкил этилган бўлиб, у нафақат спортни оммалаштириш, балки ходимлар ўртасида дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, ақлий салоҳиятни юксалтириш ва саломат турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган.

Вилоят босқичида турли туман ва шаҳарлардаги етакчи таълим муассасаларида фаолият юритаётган, туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган ўқитувчи ва ходимлар иштирок этди. Шахмат ўйинлари қизғин ва муросасиз баҳсларга бой бўлди. Иштирокчилар ўз билимлари ва стратегияларини намоён этиб, юқори интеллектуал беллашув муҳитини яратдилар.

Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, улар Федерация томонидан муносиб тақдирланди. Кубок учун беллашув нафақат спорт руҳини, балки касаба уюшмалари аъзолари ўртасидаги бирдамлик ва ҳамжиҳатликни янада кучайтиришга хизмат қилди.

Тадбир доирасида ташкил этилган маънавий-маърифий суҳбатлар, касаба уюшмаларининг тарихи ва келгуси фаолиятига оид маълумотлар ҳам иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

А. Мамарасулов,
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Сирдарё вилояти бўйича масъул ташкилотчиси

Добавить комментарий