Қўшкўпирда “Касаба уюшмалар ҳафталиги” доирасида “Ўз касбининг фидойилари” тадбири бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 22 апрель куни Қўшкўпир туманидаги 25-сон умумий ўрта таълим мактабида Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллик юбилейи муносабати билан “Касаба уюшмалар ҳафталиги” доирасида тантанали тадбир — “Ўз касбининг фидойилари” ташкил этилди.

Тадбирда узоқ йиллар таълим соҳасида самарали фаолият юритган ва бугунги кунда нафақада бўлган, ўз касбининг ҳақиқий фидойилари — Собиров Бактурди, Матниёзов Арслон, Мамадалиева Раиса, Авезова Альфия ва Исмоилова Солияжон каби муҳтарам устозлар иштирок этдилар.

Шунингдек, ҳозирда таълим соҳасида фаолият юритаётган, ўқувчилари вилоят, республика ва халқаро олимпиадаларда муваффақиятли иштирок этаётган тажрибали устозлар — Бектурдиев Зуфарбек, Абдуллаева Дилдора, Сумбердиева Назокат, Рахимов Жахонгир, Машарипов Нураддин, Қарриев Расулбек ва Рўзимова Нафисалар ҳам тадбирнинг фаол иштирокчилари бўлдилар.

Тадбир давомида устозлар ўз касбини қанчалик севиши, фидойилик билан иш олиб боришлари, меҳнатга бўлган муҳаббат ва садоқат инсонни фахр ва ифтихор билан яшашга ундаши ҳақида самимий фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Шу билан бирга, тадбир доирасида Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллиги муносабати билан ташкил этилган “Касаба уюшмалари — кеча, бугун ва эртага” мавзусидаги эссе танлови ҳамда “Касаба уюшмаси менинг ҳаётимда” ижтимоий роликлар танловининг туман босқичида ғолиб деб топилган иштирокчилар тақдирланди.

Меҳнат муҳофазаси бўйича жамоатчилик назоратини энг яхши ташкил этиш мақсадида ўтказилган туман кўрик-танловида қуйидаги номинацияларда ғолиблар аниқланди:

  • “Энг яхши касаба уюшма қўмитаси” — 30-сон умумий ўрта таълим мактаби;
  • “Энг яхши ташкилот” — 2-сон умумий ўрта таълим мактаби;
  • “Энг яхши меҳнат муҳофазаси бўйича вакил” — 39-сон умумий ўрта таълим мактаби.

Тадбирда 25-сон мактабнинг ўқувчилари томонидан тайёрланган қўшиқ ва рақслар орқали иштирокчиларга байрамона кайфият улашилди.

Йиғилиш якунида барча иштирокчилар — тажрибали ва фидойи устозлар, танлов ғолиблари ҳамда фаол меҳнаткашлар Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Қўшкўпир туман бўлинмаси кенгаши томонидан эсдалик совғалари ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирландилар.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Қўшкўпир туман бўлинмаси кенгаши

Добавить комментарий