Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси ҳафталиги доирасида ўтган тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан Касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан қатор маърифий ва ҳуқуқий тадбирлар ташкил этилмоқда. Жорий йилнинг 21–27 апрель кунлари “Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси ҳафталиги” кенг миқёсда ўтказилмоқда.  Ҳафталик доирасида куни кеча   “Касаба уюшмалари: кеча, бугун ва эртага” эсселар танлови, “Касаба уюшмаси менинг ҳаётимда” номли ижтимоий роликлар танлови Республика босқичининг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Қолаверса “Уч авлод учрашуви” доирасида суҳбат ва фикр-алмашиш жараёни ўта қизиқарли бўлди. Унда  касаба уюшмаси фахрийлари, ўрта бўғин ва жорий йилги ҳисобот-сайлов йиғилишларида бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси раиси этиб сайланган фаоллар қатнашишди.

Танлов  кўлами катта бўлди. Биргина  “Касаба уюшмалари: кеча, бугун ва эртага” мавзусидаги эссе танлови бўлди. Унда юртимиздаги мактабгача, мактаб, мактабдан ташқари, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларидаги 150 мингдан зиёд касаба уюшмаси аъзоси бўлган  педагоглар фаол қатнашиб, ўз қарашлари, тажрибалари ва таклифларини эссе орқали ифода этди.

Танловнинг республика босқичига ҳудудий ғолиблар томонидан ёзилган 15 та  энг сара эссе тақдим этилди. Мазкур ишлар соҳанинг етакчи мутахассислари ва экспертлари томонидан холисона баҳоланди. Энг юқори балл тўплаган ишлар танловнинг республика босқичи ғолиблари сифатида тақдирланди.

Касаба уюшмаларининг жамият ҳаётидаги ўрни, ходимлар манфаатларини ҳимоя қилишдаги роли, ёшлар тарбиясидаги таъсири йилдан-йилга ортиб бормоқда. Буни “Касаба уюшмалари: кеча, бугун ва эртага”  танловининг Республика босқичида ғолиб бўлган педагог Барногул Ражабованинг ҳаётий ҳикоясида ҳам яққол кўриш мумкин.

– Танлов эълон қилиниши билан касаба уюшмалари ҳаракати ва унинг тарихи ҳақида чуқурроқ ўрганишга киришдим. Турли манбаларни, илмий мақолаларни ўқидим, касаба уюшмаларининг тарихий илдизлари ва бугунги фаолияти ҳақида кўп янгиликлар билдим, – дейди Хоразм вилояти Хазорасп туманидаги 2-умумтаълим мактаби она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Барногул Ражабова – Ёзган эссе танлов ташкилотчиларига маъқул келиб, Республика босқичигача етиб келдим ва фахрли 1-ўрин билан тақдирландим.  2022 йилда ўқувчим  “Менинг Президентим” танловида қатнашиб, ғолиб бўлганди. Ўшанда ўқувчим 26 миллион сўм мен эса  мураббийси сифатида 10 миллион сўм билан тақдирлангандим. Бу ғалаба менга яна-да куч, ишонч ва илҳом берганди, – дейди у фахр билан.

Барногул Ражабованинг фикрича, бу каби танловлар ўқитувчиларни руҳлантиради, уларнинг билим ва тажрибасини ошириш, жамиятда муносиб ўрин эгаллашларига йўл очади. – Ўқитувчи учун энг катта мотивация – эътироф ва қадрланиш. Бундай танловлар бизни янги ғоялар билан яшашга, яна-да кучлироқ ишлашга ундайди, – дейди у.

Эссе ғолиблари 3, 2, 1  ўринлар билан  муносиб тақдирланди.

Касаба уюшмалари томонидан ташкил этилаётган бундай танловлар, шубҳасиз, нафақат ўқитувчиларнинг балки ёш авлоднинг ҳам билим ва тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади. Зотан, бу каби ютуқлар ортида фидойилик, тинимсиз изланиш ва меҳнат яширинган.

Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини таъминлашда касаба уюшмалари тизими муҳим ўрин тутади. Ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган бошланғич касаба уюшма ташкилотлари орқали ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзолари манфаатлари ҳимоя қилиниб, соғлом турмуш тарзи, маданий дам олиш ва муносиб меҳнат шароитлари яратилишида амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Айни шу мавзуларни кенг жамоатчиликка етказиш, ходимлар ҳаётида касаба уюшмасининг тутган ўрни ва таъсирини кўрсатиш мақсадида мамлакат бўйлаб “Касаба уюшмаси менинг ҳаётимда” номли ижтимоий видеороликлар танловининг минтақавий ва ҳудудий босқичлари ташкил этилди. Танловда 49 мингга яқин касаба уюшмаси фаоллари ўз ижодий ишланмалари билан иштирок этишди.

Танловнинг Республика босқичига йўл олган видеороликлар мазмунан юксак, ижодий ёндашувга бой бўлиб, ташкилотларда касаба уюшмасининг роли, меҳнат жамоаларидаги фаолияти ва жамоа шартномаларининг бажарилиши жараёнини кенг ёритиб берди. Муҳими, ҳар бир ролик орқали тизимдаги ходимларнинг касаба уюшмасига бўлган ишончи, унинг ҳаётий зарур ташкилот экани яна бир бор намоён бўлди. Ғолиблар белгиланган баҳолаш мезонлари асосида аниқланиб, Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан муносиб тақдирланди.

Касаба уюшмаларида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган, бугунги кунда эса ўз ҳаёт йўли ва тажрибаси билан ёшларга ибрат бўлаётган фахрийлар билан учрашувлар ҳам тизимли равишда ўтказилмоқда. Жумладан, “Ўз касбининг фидоийлари”, “Уч авлод учрашуви”, “Фахрийлар – касаба уюшмаси эъзозида” каби тадбирлар орқали устоз-шогирд анъаналари янада мустаҳкамланмоқда. Бу учрашувларда соҳага янгидан қадам қўяётган ёш мутахассислар, ҳозирги кунда тажриба орттираётган фаоллар ҳамда касаба уюшмаларида узоқ йиллар меҳнат қилган фахрийлар иштирок этди. Улар меҳнат ҳаракатининг ривожланиш босқичлари, тўпланган тажриба ва бугунги кунгача келиб қолган анъаналар хусусида фикр алмашдилар.

Ушбу тадбирларда тармоқ касаба уюшмаси тизимида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган раҳбар ва масъул ходимлар иштирок этиб, янги сайланган бошланғич ташкилот раисларига амалий маслаҳатлар беришди. Мулоқот давомида сўзга чиққан устозлар ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, касаба уюшмаси тизимида хизмат қилиш фахрли ва масъулиятли вазифа эканини алоҳида таъкидлашди.

Бу каби тадбирлар касаба уюшмаларининг замонавий жамиятдаги ўрнини намоён этиш, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишдаги муҳим вазифаларини тарғиб этиш ва таълим соҳаси вакилларининг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.

– “Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси ҳафталиги” доирасида Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан қатор маданий-маърифий, ижодий ва маҳоратга йўналтирилган лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Уч авлод учрашуви”, “Касаба уюшмаси менинг ҳаётимда” мавзусидаги ижтимоий видеороликлар танлови, шунингдек, “Касаба уюшмалари: кеча, бугун ва эртага” номли иншолар мусобақаси фаол иштирокчиларни жамлади. Бу каби тадбирлар ёш авлодни касаба уюшмалари фаолиятига жалб этиш, тажрибали авлоднинг билим ва ҳаётий сабоқларини улашиш орқали давомийликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Айниқса, бу йилги учрашув алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Унда яқинда бошланғич касаба уюшмаси қўмиталарига сайланган янги раислар, узоқ йиллар меҳнат қилган фахрийлар, ҳамда тажриба орттираётган ёш мутахассислар иштирок этди. Айнан уч авлод вакилларининг бир даврада ўтириб, ўзаро фикр алмашгани – ўзбекона устоз-шогирд анъанаси давом этаётганидан дарак беради, – дейди Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Жамил Яратов.

Фахрийлар иштирокида ўтган суҳбатлар давомида улар касаба уюшмалари фаолиятининг турли босқичлари, ўз даврларидаги қийинчиликлар ва ютуқлар ҳақида сўзлаб беришди.

–– Юртимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган педагоглар, ёш мутахассислар билан учрашувлардан яйрадим.  Уларнинг кўзида порлаган ғайрат ва шижоатни кўриб, чин дилдан қувондим. Тизимимизда самарали меҳнат қилаётган фидойи касбдошларимизнинг ҳаракати таҳсинга лойиқ. Бу каби йирик тадбирлар барчамизни бир мақсад, бир ғоя атрофида бирлаштиради, – дейди иқтисод фанлари доктори, касаба  фахрийси Иброҳим Абдуғаниев.

Унинг айтишича, касаба уюшмалари нафақат ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилади, балки уларни қадрлаш, эътироф этиш орқали янги меҳнат зафарларига илҳомлантиради.

– Озгина рағбат ва эҳтиром ҳам меҳнаткашларнинг руҳини кўтаради. Айниқса, ёшларга ўз имкониятларини рўёбга чиқариш учун берилаётган эътибор ва кўмак – келажак учун энг тўғри сармоя. Биз, касаба уюшмаси фахрийлари, бугун ютуқлардан фақат фахрланибгина ўтирганимиз йўқ, балки бу муваффақиятларнинг мустаҳкам пойдеворини яратишда ўз ҳиссамиз борлигидан қувонамиз, – дейди у.

Ўз ўрнида ёшлар фахрийларнинг ҳаётий тажрибасига қизиқиш билан қулоқ тутиб, ўз фаолиятига тадбиқ этиш мумкин бўлган жиҳатларни қайд этиб бордилар.

Архив ҳужжатларига кўра тармоқ касаба уюшмаси ҳаракати Ўзбекистонда 1917 йилдан бошланган бўлиб, бугунги кунга келиб 2 миллионга яқин аъзони бирлаштирган йирик ижтимоий институтга айланган. Бу ҳаракат, айниқса, таълим ва фан соҳаларида меҳнат қилаётган ходимлар учун ижтимоий ҳимоя, маънавий кўмак ва касбий тараққиётнинг мустаҳкам таянчи бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши

Добавить комментарий