Фарғона вилоятида касаба уюшмалари 120 йиллиги муносабати билан мактаб раҳбарлари ўртасида “Заковат” тадбири ўтказилди



2025 йил 23 апрель куни, Маҳаллий Маънавият ва Таълим Бошқармаси (ММТБ) тизимидаги мактаблар раҳбарлари ўртасида Ўзбекистон касаба уюшмалари ташкил топганининг 120 йиллиги муносабати билан “Заковат” интеллектуал тадбири ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Фарғона вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Л. Ахмедова, меҳнат ва ҳуқуқ инспектори Абдуллажонова Ферузахон, меҳнат техник инспектори Хатамов Мансуржон, меҳнат муҳофазаси бўйича етакчи мутахассис Жаҳонгир Зокиров, шунингдек, туман ММТБ бошлиғи Ш. Қобилов ва туман кенгаши раиси О. Мавлонов иштирок этдилар. Шунингдек, тадбирга 60 та таълим муассасаси раҳбарлари ҳам таклиф этилди.
Тадбирни туман кенгаши раиси О. Мавлонов очиб берди ва сўз навбатини туман ММТБ бошлиғи Ш. Қобиловга топширди. Ш. Қобилов тадбир иштирокчиларига муваффақият ва омад тилаб, бу каби маърифий тадбирларнинг аҳамияти ҳақида гапириб ўтди.
“Заковат” беллашувида 10 та жамоа иштирок этди. Интеллектуал баҳслар жуда қизиқарли ва кўтаринки руҳда ўтди. Мактаб раҳбарлари ўзаро билим ва тажрибаларини синовдан ўтказиб, турли соҳалар бўйича саволларга жавоб бердилар.
Тадбир якунида туман кенгаши томонидан иштирокчиларга Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнат кодекси” китоби тарқатилди. Шунингдек, ғолибликни қўлга киритган 1-, 2- ва 3-ўрин соҳибларига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгаши томонидан Самарқанд, Хоразм ва Тошкент шаҳарларига туризм саёҳати учун йўлланма сертификатлари топширилди.
Ушбу тадбир таълим тизими раҳбарлари ўртасида касаба уюшмалари фаолиятини кенг тарғиб қилиш, уларни ҳуқуқий билимлар билан бойитиш ва ўзаро тажриба алмашиш мақсадида ўтказилгани билан янада аҳамиятли бўлди. Шу каби тадбирларнинг келгусида ҳам давом эттирилиши режалаштирилган.
Л. Ахмедова,
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Фарғона вилояти бўйича масъул ташкилотчиси
