«Уч авлод учрашуви» — анъанавий ҳамжиҳатлик руҳида ўтди



Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Шаҳрисабз шаҳар кенгаши томонидан Ўзбекистонда касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан “Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси ҳафталиги“ доирасида “Уч авлод учрашуви” тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда таълим тизимидаги умумий ўрта таълим мактабларида, касаба уюшмаси бошланғич ташкилотида раҳбарлик қилган кекса меҳнат фахрийлари, касаба уюшма раислари ва ўқувчи ёшлар иштирок этди.
Тадбирни шаҳар кенгаши раиси У. Ортиқов очиб берди. У ўз нутқида Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллик тарихи ҳақида сўз юритиб, унда ишчи-ходимларни қўллаб-қувватлаш, маънавий-маърифий тадбирлар қаторида “Уч авлод учрашуви” йўналиши ҳам муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди.
Тадбирда сўз олган меҳмонлар — фидокорона меҳнат қилган ва ёш ходимларга устозлик қилган Назаров Абдуғофур ҳамда Эшонбобоева Дилрабо ўз ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Улар меҳнат майдонида орттирган билим ва кўникмалари, ўз соҳасига бўлган садоқати орқали ёш авлод учун намуна бўла олишларини алоҳида қайд этдилар.
“Уч авлод учрашуви”да бой ҳаётий тажрибалар алмашилди, фикр-мулоҳазалар тингланди. Ёш касаба уюшма аъзоларининг ғоялари ва ташаббуслари ўта муҳим роль ўйнаши таъкидлаб ўтилди.
Бу каби учрашувлар касаба уюшмалари фаолиятидаги давомийлик ва тажриба алмашувининг ёрқин намоёни бўлиб, ёшлар қалбида меҳнатга, устозларга бўлган ҳурмат туйғусини янада мустаҳкамлайди.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Шаҳрисабз шаҳар кенгаши