«Соғлом танда — сифатли таълим» шиори остида Ховос туманида спорт мусобақаларининг туман босқичи ўтказилди

Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллиги муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган ҳафталик тадбирлар доирасида, 2025 йил 27 апрель куни Ховос туманида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида мактаб ходимлари ўртасида спорт мусобақаларининг туман босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Ховос туман бўлинмаси кенгаши, туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамда туман Ёшлар сиёсати ва спорт бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақалар “Соғлом танда — сифатли таълим” шиори остида ўтказилди.

Мусобақалар спортнинг мини-футбол, шахмат, шашка, стол тенниси ва волейбол турлари бўйича ташкил этилди. Сектор босқичларида ғолиб чиққан 112 нафардан ортиқ ходимлар мазкур туман босқичида иштирок этишди ва ўзларининг чаққонлиги, эпчиллиги ҳамда жисмоний тайёргарлигини намоён қилишди.

Қизғин ва муросасиз тарзда ўтган мусобақалар якунида 78 нафар иштирокчи ғолиблик ва совринли ўринларни қўлга киритди. Улар туман шарафини ҳимоя қилиш учун вилоят босқичига йўлланмаларга эга бўлишди. Ғолиб ва совриндорлар Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Ховос туман бўлинмаси Кенгаши томонидан дипломлар ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

Ушбу тадбир соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, таълим соҳасида меҳнат қилаётган ходимларнинг жисмоний ва маънавий баркамоллигини оширишга, шунингдек, улар ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва дўстона муҳитни мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Ховос туман бўлинмаси кенгаши

Добавить комментарий