Каттақўрғонда «Меҳнат муҳофазасининг янги босқичи: иш жойида сунъий интелект ва ракамлаштиришнинг роли» мавзусида семинар бўлиб ўтди

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги 15-умумтаълим мактабида муҳим тадбир — Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги ҳамда 28-апрел — «Бутунжахон меҳнатни муҳофаза қилиш куни»га бағишланган семинар бўлиб ўтди. Тадбир “Меҳнат муҳофазасининг янги босқичи: иш жойида сунъий интеллект ва рақамлаштиришнинг роли” мавзусида ташкил этилди.

Ушбу семинар меҳнат хавфсизлиги, ишчи-ходимларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш, иш жойларида рақамлаштириш жараёнларини жорий этиш ҳамда сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш масалаларига бағишланди. Семинарда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг вилоят бўйича масъул ташкилотчиси И.С. Раҳимов, шунингдек, Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Каттақўрғон туман бўлинмаси кенгаши раиси А. Кенжаев, туман кенгаши аъзолари ҳамда бошланғич касаба уюшмаси аъзолари иштирок этдилар.

Йиғилишда туман бўлинмаси кенгаши раиси А. Кенжаев томонидан меҳнат муҳофазаси ва семинар мавзуси — “Меҳнат муҳофазасининг янги босқичи: иш жойида сунъий интеллект ва рақамлаштиришнинг роли” бўйича кенг тушунчалар берилди. Ушбу маърузада иш жойларида замонавий технологиялар, айниқса, сунъий интеллект асосида автоматлаштирилган хавфсизлик тизимлари, иш жараёнларини мониторинг қилиш, ходимларнинг саломатлиги устидан кузатувни амалга ошириш каби йўналишларда олиб борилаётган ишлар хусусида фикр юритилди.

Семинарда қатнашганлар мазкур масалалар юзасидан фикр алмашдилар, амалиётда қўлланаётган усуллар билан ўзаро тажриба алмашишди. Шу билан бирга, тадбир меҳнат муҳофазаси соҳасидаги миллий ва халқаро тенденциялар билан танишиш, соҳа ходимларининг билим ва кўникмаларини оширишга хизмат қилди.

Семинар якунларида туман миқёсидаги бошланғич ташкилотлардан меҳнат муҳофазаси бўйича фаолият олиб бораётган вакилларга фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари топширилди. Бу эса, меҳнат хавфсизлигини таъминлашда сидқидилдан меҳнат қилаётган фидоийларни рағбатлантириш ва уларнинг меҳнатини муносиб эътироф этиш бўлди.

Тадбир юқори руҳда ва самарали ўтди. Унда қатнашганлар меҳнат муҳофазаси соҳасидаги замонавий ёндашувлар, айниқса, рақамлаштириш ва сунъий интеллектни жорий этиш орқали ишчи муҳитни янада хавфсиз ва самарали қилиш йўлларини ўргандилар.

А. Кенжаев,
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Каттақўрғон туман бўлинмаси кенгаши раиси

Добавить комментарий