“Меҳнат муҳофазасининг янги босқичи: иш жойида сунъий интеллект ва рақамлаштиришнинг роли” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди
28 апрель – “Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни” муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ёзма топшириғига асосан, юртимиздаги барча туман ва шаҳарларда ушбу санага бағишланган давра суҳбатлари ва учрашувлар ўтказилди.
Жумладан, Андижон шаҳар 31-умумтаълим мактабида шаҳардаги бошланғич касаба уюшма қўмитаси раислари иштирокида “Меҳнат муҳофазасининг янги босқичи: иш жойида сунъий интеллект ва рақамлаштиришнинг роли” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Андижон вилояти кенгаши меҳнаткашларни ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи Э.Тешабоев, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича етакчи мутахассис Д.Қаюмов иштирок этди. Суҳбат давомида иш жойларида хавфсиз меҳнат шароитини таъминлаш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни жорий этиш орқали меҳнат муҳофазасини самарали ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир якунида “Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш юзасидан республика кўрик-танлови”нинг шаҳар босқичи ғолиблари “Энг яхши ташкилот”, “Энг яхши касаба уюшма қўмитаси”, “Меҳнат муҳофазаси бўйича вакил” ва “Меҳнат муҳофазаси бўйича ёш мутахассис” номинациялари бўйича фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Давра суҳбатида 120 нафардан ортиқ бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси раислари иштирок этди.
Шунингдек, таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси туман ва шаҳар бўлинмаси кенгашлари томонидан меҳнат жамоаларида бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларининг олдини олиш, меҳнат муҳофазаси масалаларига эътиборни кучайтиришга қаратилган турли мавзудаги тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Хусусан, Андижон давлат университети, Пахтаобод, Избоскан ва Балиқчи туманлари бўлинмаси кенгашлари тасарруфидаги ташкилот ва муассасаларда ҳам ҳафталик доирасида Маҳаллий меҳнат техник бошқармаси (ММТБ) билан ҳамкорликда давра суҳбатлари ва йиғилишлар ташкил этилди. Туман ва шаҳар бўлинмаси кенгашлари томонидан ўтказилган ушбу тадбирларда жами 1600 нафарга яқин ходимлар фаол иштирок этди.
З.Абдуллаев,
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Андижон вилояти бўйича масъул ташкилотчиси