Янгиқўрғон таълим ходимлари касаба уюшмаси: Ҳисобот, сайлов ва 120 йиллик анъаналарга садоқат

Янгиқўрғон туманида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси туман бўлинмасининг I-ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Ушбу анжуман нафақат ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилиш, балки касаба уюшмаси ҳаракатининг 120 йиллиги нишонланаётган бир паллада келажакдаги вазифаларни белгилаб олиш нуқтаи назаридан ҳам алоҳида аҳамият касб этди.

Конференция ишида сайланган 70 нафар делегатдан 65 нафари иштирок этиб, бу туман таълим ходимларининг ўз ташкилоти тақдирига бефарқ эмаслигини намоён этди. Анжуманни самарали олиб бориш учун ишчи раёсат сайланди, шунингдек, конференциянинг котибияти, таҳрир ва саноқ комиссиялари каби ишчи органлари тасдиқланди. Кун тартиби ва иш вақти делегатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.

Тадбирда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Наманган вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Ғаниев Лутфитдин Фатхитдинович, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи А.Қаюмов ҳамда бир қатор меҳмонлар иштирок этдилар.

Конференция давомида кун тартибига киритилган 7 та масала атрофлича кўриб чиқилди. Жумладан, туман бўлинмаси кенгаши раиси С.Тожибоевнинг ҳисобот давридаги фаолият ҳақидаги маърузаси ҳамда туман бўлинмаси тафтиш комиссиясининг ҳисоботи тингланди. Муҳокамалардан сўнг, Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Янгиқўрғон туман бўлинмаси кенгашининг ҳисобот давридаги фаолияти қониқарли деб топилди ва тафтиш комиссиясининг ҳисоботи тасдиқланди.

Анжуманнинг энг масъулиятли қисми – раис сайлови бўлди. Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Янгиқўрғон туман бўлинмаси кенгаши раислигига номзодлар яширин овоз бериш бюллетенига киритилди. Сайлов демократик тамойилларга мувофиқ, муқобиллик асосида ва яширин овоз бериш йўли билан ўтказилди. Саноқ комиссиясининг хулосасига кўра, яширин овоз бериш натижаларига кўра, Тожибоев Сирожиддин Раҳмонжонович кўпчилик делегатларнинг ишончини қозониб, туман бўлинмаси кенгаши раиси этиб такроран сайланди.

Конференцияда сўзга чиққан Ғаниев Лутфитдин Фатхитдинович барча делегатлар ва меҳмонларни “Ўзбекистонда касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги” билан самимий табриклади. У ўз нутқида бугунги кунда тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар, ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар ҳақида маълумот бериб, келгусида касаба уюшмалари олдида турган муҳим вазифаларга батафсил тўхталиб ўтди.

Конференция якунида бир гуруҳ фаол касаба уюшма аъзолари, ўз меҳнати билан соҳа ривожига ва касаба уюшмаси нуфузини оширишга ҳисса қўшган ходимлар туман бўлинмаси кенгашининг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Ушбу конференция Янгиқўрғон тумани таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси учун янги даврни бошлаб берди. Эскирмас анъаналарга содиқ қолган ҳолда, янги марралар сари интилиш – янги сайланган раҳбарият ва барча аъзоларнинг асосий мақсади бўлиб қолади.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Янгиқўрғон туман бўлинмаси кенгаши

Добавить комментарий