Наманганда ёшлар тарбиясига эътибор: Касаба уюшмаси ва таълим бўлими ҳамкорлигида муҳим тадбир






Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги ПҚ–1 сонли қарори ижросини самарали таъминлаш ҳамда “Касаба уюшмаларининг 120 йиллиги” муносабати билан тасдиқланган режа-жадвалга асосан, Наманган шаҳрида ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган муҳим тадбир ўтказилди. Тадбир Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Наманган шаҳар бўлинмаси кенгаши ва Наманган шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими билан яқин ҳамкорликда ташкил этилди.
Тадбирнинг асосий мақсади – ёш авлодни турли салбий иллатлардан асраш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ҳамда уларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашдан иборат бўлди.
Тадбир давомида ташкилотчилар ёшлар билан очиқ ва самимий мулоқот ўрнатдилар. Уларнинг фикр ва мулоҳазалари диққат билан тингланди, қизиқишлари, орзу-истаклари ва келажакдаги мақсадлари билан яқиндан танишилди. Шунингдек, мутахассислар томонидан ёшлар ўртасида афсуски, учраб турган жиноятчилик ҳолатлари, уларнинг аянчли оқибатлари ва қонун олдидаги жавобгарлик чоралари ҳақида ҳаётий мисоллар асосида батафсил маълумотлар берилди.
Мулоқот чоғида ёшларга бугунги глобаллашув даврида тез-тез учраётган ёт ва бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб қолмаслик, турли ҳуқуқбузарликларни содир этишдан тийилиш, асосий эътиборни таълим олишга қаратиб, ўқишни яхши баҳоларга тамомлаш ва жамиятда ўзларининг муносиб ўринларини эгаллаш зарурлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Тадбирнинг бадиий қисми ҳам ёшлар учун ўта таъсирчан бўлди. Вилоят мусиқали драма театри жамоаси томонидан таниқли ёзувчи Тоҳир Маликнинг «Алвидо болалик» номли спектакли намойиш этилди. Ушбу саҳна асари ўз қаҳрамонлари мисолида ёшларга беғубор болаликни қадрлаш, ҳаётда адашмаслик, тўғри йўлдан юриш ва ҳар қандай вазиятда ҳам инсонийликни унутмаслик каби муҳим ҳаётий қадриятлар ҳақида чуқур тафаккур юритишга ундади.
Ўтказилган ушбу тадбир ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва уларни жиноятчиликдан асраш борасидаги муҳим қадамлардан бири бўлди. Ташкилотчилар бу каби маънавий-маърифий тадбирларни мунтазам равишда ўтказиб боришни режалаштирмоқдалар.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Наманган шаҳар бўлинмаси кенгаши