Шаҳрисабз туманида таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Шаҳрисабз туман бўлинмасининг I-конференцияси бўлиб ўтди

Бугун Шаҳрисабз шаҳар Маданият саройида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Шаҳрисабз туман бўлинмасининг I-конференцияси бўлиб ўтди. Ушбу муҳим анжуман тумандаги таълим ва фан соҳаси ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, ўтган давр фаолиятини сарҳисоб этиш ва келгусидаги вазифаларни белгилаб олиш мақсадида ташкил этилди.

Конференцияда бошланғич касаба уюшма ташкилотларидан сайланган 105 нафар делегатдан 93 нафари иштирок этиб, бу соҳа ходимларининг ўз ташкилотлари келажагига юқори даражада қизиқиш билдираётганидан далолат берди.

Тадбирда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг бош юрисконсульти Муҳамедалиева Дилбар Абдураҳмонова ҳамда Республика кенгашининг Қашқадарё вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Кубаев Шодмон Раббимович иштирок этиб, конференция ишига муваффақият тиладилар ва ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.

Конференция кун тартибига мувофиқ, Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Шаҳрисабз туман бўлинмаси кенгашининг 2020 йил июль ойидан 2025 йил май ойигача бўлган даврда амалга оширган ишлари тўғрисидаги ҳисоботи ҳамда тафтиш комиссиясининг 5 йиллик ҳисоботи тингланди. Делегатлар томонидан туман бўлинмаси кенгашининг ўтган 5 йиллик фаолияти атрофлича муҳокама қилиниб, унга қониқарли баҳо берилди. Шунингдек, тафтиш комиссиясининг ҳисоботи ҳам тасдиқланди.

Анжуманнинг энг муҳим қисми ташкилий масалалар, хусусан, раҳбар органлар сайловига бағишланди. Туман бўлинмаси кенгаши раиси сайлови демократик тамойилларга асосланган ҳолда, ёпиқ овоз бериш усулида ўтказилди. Яширин овоз бериш натижаларига кўра, Абдуллаев Саъдулло кўпчилик делегатларнинг ишончини қозониб, Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Шаҳрисабз туман бўлинмаси кенгаши раиси этиб сайланди.

Шунингдек, конференцияда 25 нафардан иборат таркибда туман бўлинмаси кенгаши аъзолари ва 3 нафардан иборат тафтиш комиссияси аъзолари ҳам сайланди. Бундан ташқари, Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Қашқадарё вилоят ташкилотининг I-конференциясига иштирок этувчи делегатлар рўйхати ҳам шакллантирилди.

Ушбу I-конференция Шаҳрисабз тумани таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси фаолиятида янги саҳифа очди. Янги сайланган раҳбарият ва кенгаш аъзолари олдида соҳа ходимларининг ҳуқуқ ва манфаатларини янада самарали ҳимоя қилиш, улар учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитларини яратиш борасидаги масъулиятли вазифалар турибди.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Шаҳрисабз туман бўлинмаси кенгаши

Добавить комментарий