Ғозғон шаҳар таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси: I-Конференцияда янги раҳбарият сайланди

Ғозғон шаҳрида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Ғозғон шаҳар бўлинмаси кенгашининг I-Ҳисобот-сайлов Конференцияси бўлиб ўтди. Ушбу анжуман шаҳар таълим ва фан соҳаси ходимларининг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ўтган давр фаолиятини таҳлил қилиш ва келгуси давр учун раҳбар органларни сайлаб олишдек муҳим мақсадларни кўзлади.
Конференция ишида Ўзбекистон Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Навоий вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Анора Бобомуродова иштирок этиб, тадбир аҳамиятини таъкидлади ва Республика кенгаши номидан келгуси ишларга муваффақият тилади.
Анжуман кун тартибига мувофиқ, дастлаб Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Ғозғон шаҳар бўлинмаси кенгашининг ҳисобот давридаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи тингланди. Делегатлар томонидан ҳисобот атрофлича муҳокама қилиниб, бўлинма кенгашининг фаолияти қониқарли деб баҳоланди. Шунингдек, кун тартибига киритилган бошқа барча масалалар ҳам делегатлар иштирокида батафсил кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
Конференциянинг энг муҳим ва масъулиятли қисми – раҳбар органларга сайловлар бўлди. Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Ғозғон шаҳар бўлинмаси кенгаши раиси лавозимига ўтказилган сайловда делегатларнинг кўпчилик овози билан Солиева Лайло Нуриддиновна сайланди. Унга ҳамкасблари томонидан катта ишонч билдирилди.
Шунингдек, йиғилиш давомида бўлинма кенгашининг тафтиш комиссияси аъзолари ва раиси ҳамда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Ғозғон шаҳар бўлинмаси Кенгашининг янги таркибдаги аъзолари ҳам сайлаб олинди.
Ушбу I-Ҳисобот-сайлов Конференцияси Ғозғон шаҳри таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси ҳаётида янги саҳифа очди. Янги сайланган раҳбарият ва Кенгаш аъзолари олдида эндиликда ўз аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини янада самарали ҳимоя қилиш, улар учун қулай меҳнат шароитларини яратиш ва соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшишдек шарафли вазифалар турибди.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Ғозғон шаҳар бўлинмаси кенгаши
