Муборак туманида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси туман бўлинмасининг ҳисобот-сайлов йиғилиши бўлиб ўтди

Бугун Муборак туманида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси туман бўлинмасининг муҳим тадбири – ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Ушбу анжуман ўтган давр мобайнидаги фаолиятни сарҳисоб қилиш, эришилган ютуқларни мустаҳкамлаш ва келгусидаги устувор вазифаларни белгилаб олишга қаратилди.

Конференция ишида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг бош юрисконсульти Мухамедалиева Дилбар Абдурахмановна ва Республика кенгашининг Қашқадарё вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Кубаев Шодмон Раббимович иштирок этиб, тадбирнинг юқори савияда ўтишига ўз ҳиссаларини қўшдилар.

Кун тартибидаги асосий масалалар юзасидан туман бўлинмаси кенгашининг 2020 йил июль ойидан 2025 йил май ойигача бўлган даврдаги фаолияти якунлари ва навбатдаги вазифалар тўғрисидаги ҳисоботи ҳамда туман бўлинмаси тафтиш комиссиясининг ҳисоботи эшитилди. Ҳисоботлар юзасидан бўлиб ўтган музокараларда делегатлар ўз фикр-мулоҳазаларини фаол билдирдилар. Якунда, билдирилган фикрларга асосан, туман бўлинмаси кенгашининг ҳисобот давридаги фаолияти маъқулланди ва қониқарли деб баҳоланди.

Конференция кун тартибидаги навбатдаги масалалар бўйича туман бўлинмаси кенгаши раиси сайлови ўтказилди. Сайлов демократик тамойилларга мувофиқ, ёпиқ овоз бериш усулида ташкил этилди. Ёпиқ овоз бериш натижаларига кўра, Авезов Янгибой Пириевич делегатларнинг мутлақ ишончини қозониб, Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Муборак туман бўлинмаси кенгаши раиси этиб сайланди.

Шунингдек, конференцияда 17 нафардан иборат таркибда туман бўлинмаси кенгаши аъзолари, тафтиш комиссияси аъзолари ва раиси ҳамда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Қашқадарё вилоят ташкилотининг I-конференциясига иштирок этувчи делегатлар ҳам сайланди.

Муборак туманида бўлиб ўтган ушбу ҳисобот-сайлов конференцияси туман таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси фаолиятида янги саҳифа очди. Янги сайланган раҳбарият ва Кенгаш аъзолари олдида эндиликда белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш, соҳа ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида янада фаол иш олиб бориш вазифаси турибди.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Муборак туман бўлинмаси кенгаш

Добавить комментарий