Гурлан тумани таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси: I-Конференцияда янги раҳбарият ва келгуси вазифалар белгиланди

Гурлан туманида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси туман бўлинмасининг I-ҳисобот-сайлов Конференцияси бўлиб ўтди. Ушбу муҳим анжуман тумандаги таълим ва фан соҳаси ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ўтган давр фаолиятини сарҳисоб қилиш, эришилган ютуқларни мустаҳкамлаш ва келгусидаги устувор вазифаларни белгилаб олиш мақсадида ташкил этилди.

Конференция ишида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Хоразм вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Рахимова Муяссар Ражаббаевна иштирок этди. Тадбирда қуйи бошланғич ташкилотлардан сайланган 61 нафар делегатнинг барчаси ҳамда таклиф этилган касаба уюшма фаоллари қатнашиб, бу туман ходимларининг ўз ташкилоти тақдирига юқори даражада эътиборли эканлигини намоён этди.

Конференция кун тартибига киритилган барча масалалар атрофлича кўриб чиқилди. Дастлаб, Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Гурлан туман бўлинмасининг 2020 йил июль ойидан 2025 йил май ойигача бўлган давр мобайнидаги фаолияти якунлари ва келгусидаги вазифалари бўйича туман бўлинмаси кенгаши раиси С.Юсуповнинг ҳисоботи тингланди. Ҳисобот юзасидан муҳокамага чиққан делегатлар касаба уюшмаси фаолиятига доир ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар. Муҳокамалар якунида делегатлар томонидан туман бўлинмасининг 2020-2025 йиллардаги фаолияти қониқарли деб топилди. Шунингдек, таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Гурлан туман бўлинмасининг тафтиш комиссиясининг ҳисоботи ҳам тингланиб, маъқулланди.

Анжуманнинг асосий қисми раҳбар органларга сайлов ўтказишга бағишланди. Ҳисобот-сайлов конференциясида Юсупов Сардорбек Садикбаевич муқобиллик асосида, ёпиқ овоз бериш орқали Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Гурлан туман бўлинмаси кенгаши раиси этиб сайланди.

Бундан ташқари, конференция кун тартибига асосан, туман бўлинмаси кенгашининг 25 нафар аъзоси, 7 нафар ижроия қўмита аъзолари, тафтиш комиссиясининг 3 нафар аъзоси ва раиси очиқ овоз бериш орқали сайланди.

Конференцияда сўзга чиққан Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Хоразм вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Рахимова Муяссар Ражаббаевна туман бўлинмасининг ҳисобот давридаги фаолиятига ўз баҳосини бериб, бугунги кунда умуман касаба уюшмалари томонидан олиб борилаётган ишлар, эришилаётган натижалар ва келгусидаги вазифалар тўғрисида ўз фикр ва таклифларини билдирди.

Ушбу I-ҳисобот-сайлов конференцияси Гурлан тумани таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси учун янги даврни бошлаб берди. Янги сайланган раҳбарият ва кенгаш аъзолари зиммасига соҳа ходимларининг ҳуқуқ ва манфаатларини янада самарали ҳимоя қилиш, улар учун муносиб меҳнат шароитларини яратишдек масъулиятли вазифалар юклатилди.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Гурлан туман бўлинмаси кенгаши

Добавить комментарий