Қўқон шаҳар таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди



Қўқон Университетининг анжуманлар залида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Қўқон шаҳар бўлинмаси кенгашининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Ушбу муҳим тадбир шаҳар таълим ва фан соҳаси ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, ўтган давр фаолиятини сарҳисоб этиш ва келгусидаги вазифаларни белгилаб олишга қаратилди.
Конференция ишида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Фарғона вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Аҳмедова Лолахон Хруновна, шаҳар кенгаши масъуллари, бошланғич ташкилотлардан сайланган 73 нафар делегат ҳамда касаба уюшмаси фаоллари иштирок этдилар.
Йиғилишда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Қўқон шаҳар бўлинмаси кенгашининг фаолияти, тафтиш комиссиясининг ҳисоботи тингланди. Шунингдек, кенгаш таркиби аъзоларини, кенгаш раисини, қўмита таркибини, тафтиш комиссияси аъзолари ва раисини ҳамда шаҳар кенгашининг юқори касаба уюшмаси ташкилоти конференциясига делегатлар номзодларини сайлаш каби муҳим ташкилий масалалар кўриб чиқилди.
Дастлаб, шаҳар бўлинмаси кенгаши раиси Зияудинов Орифхон Исамхаджаевич 2020 йил май ойидан 2025 йил июнь ойига қадар кенгаш томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан конференция иштирокчиларига батафсил ҳисобот берди. Ҳисоботда ўтган давр мобайнида ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш борасидаги ютуқ ва камчиликлар таҳлил қилинди.
Сўзга чиққанлар шаҳар бўлинмасининг 2020 йил май ойидан 2025 йил июнь ойига қадар амалга оширган ишларини муҳокама қилиб, уни қониқарли деб баҳоладилар.
Конференциянинг энг муҳим қисми – шаҳар бўлинмаси кенгаши раиси сайлови бўлди. Келгуси йилларда шаҳар бўлинмаси кенгашини бошқариш учун 19-сонли мактаб раҳбари Шаропова Зохида Сулаймоновна ва амалдаги раис Зияудинов Орифхон Исамхаджаевичнинг номзодлари кўрсатилди. Делегатлар таклиф этилган номзодларни бир овоздан маъқуллаб, сайлов бюллетенига киритдилар. Кейинги беш йиллик учун шаҳар бўлинмаси кенгашини бошқариш мақсадида 73 нафар делегат номзодларга яширин тарзда овоз бердилар. Саноқ комиссияси томонидан овозлар санаб чиқилиб, натижаларга кўра, Зияудинов Орифхон Исамхаджаевич кўпчилик овоз билан Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Қўқон шаҳар бўлинмаси кенгаши раиси лавозимига қайта сайланди.
Шунингдек, конференцияда кенгаш аъзолари, қўмита таркиби, тафтиш комиссияси аъзолари ва раиси ҳамда юқори турувчи касаба уюшмаси конференциясига делегатлар сайланди.
Ҳисобот-сайлов конференцияси Қўқон шаҳар таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси учун янги даврдаги вазифаларни белгилаб, келгуси фаолият йўналишларини аниқлаштириб олишда муҳим аҳамият касб этди.
Л. Аҳмедова,
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Фарғона вилояти бўйича масъул ташкилотчиси
