Хонқа тумани таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасининг I-ҳисобот-сайлов Конференцияси: Янгиланган ишонч ва келгуси вазифалар




Бугун, 2025 йил 5 июнь куни Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Хонқа туман бўлинмасининг I-ҳисобот-сайлов Конференцияси бўлиб ўтди. Ушбу муҳим анжуман тумандаги таълим ва фан соҳаси ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, ўтган давр фаолиятини таҳлил этиш ва келгусидаги устувор йўналишларни белгилаб олиш мақсадида ташкил этилди.Конференция ишида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Хоразм вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Рахимова Муяссар Ражаббаевна иштирок этди. Тадбирда қуйи бошланғич ташкилотлардан сайланган 80 нафар делегатдан 78 нафари қатнашди. Шунингдек, Конференция ишига таклиф этилган айрим бошланғич касаба қўмита раислари ҳамда иш берувчилардан иборат 35 нафар меҳмон ҳам фаол иштирок этди.Конференция кун тартибига киритилган барча масалалар атрофлича кўриб чиқилди. Дастлаб, Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Хонқа туман бўлинмасининг 2020 йил июлдан 2025 йил майгача бўлган давр мобайнидаги фаолияти якунлари ва келгусидаги вазифалари бўйича туман бўлинмаси кенгаши раиси Йўлдошбой Юсуповнинг ҳисоботи тингланди. Ҳисобот юзасидан муҳокамага чиққан делегатлар касаба уюшмаси фаолиятига доир ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар. Муҳокамалар якунида делегатлар томонидан туман бўлинмасининг 2020-2025 йиллардаги фаолияти қониқарли деб топилди. Шунингдек, таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Хонқа туман бўлинмасининг тафтиш комиссиясининг ҳисоботи ҳам тингланиб, маъқулланди.Анжуманнинг асосий қисми раҳбар органларга сайлов ўтказишга бағишланди. Ҳисобот-сайлов конференциясида Юсупов Йўлдошбой муқобиллик асосида, ёпиқ овоз бериш орқали Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Хонқа туман бўлинмаси кенгаши раиси этиб қайта сайланди.Бундан ташқари, конференция кун тартибига асосан, туман бўлинмаси кенгашининг 25 нафар аъзоси, тафтиш комиссиясининг 3 нафар аъзоси ва раиси ҳамда юқори ташкилот конференциясига делегатлар очиқ овоз бериш орқали сайланди.Конференцияда сўзга чиққан Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Хоразм вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Рахимова Муяссар Ражаббаевна туман бўлинмасининг ҳисобот давридаги фаолиятига ўз баҳосини бериб, бугунги кунда умуман касаба уюшмалари томонидан олиб борилаётган ишлар, эришилаётган натижалар ва келгусидаги вазифалар тўғрисида ўз фикр ва таклифларини билдирди.Ушбу I-ҳисобот-сайлов конференцияси Хонқа тумани таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси учун янги даврдаги фаолият йўналишларини аниқлаштириб, келгуси мақсадларга эришишда муҳим қадам бўлди. Янгиланган раҳбарият ва кенгаш аъзолари зиммасига соҳа ходимларининг ҳуқуқ ва манфаатларини янада самарали ҳимоя қилишдек масъулиятли вазифалар юклатилди.
