Миришкор тумани таълим ходимлари касаба уюшмаси: Янги раҳбарият ва келгуси вазифалар

Жорий йилнинг 9 июнь куни Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Миришкор туман бўлинмасининг I ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Ушбу муҳим анжуман тумандаги таълим ва фан соҳаси ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги ўтган давр фаолиятини таҳлил қилиш ва келгуси беш йиллик учун янги вазифаларни белгилаб олишга қаратилди.

Конференцияга Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Қашқадарё вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Ш.Кубаев раислик қилди.

Конференция кун тартибига мувофиқ, туман бўлинмаси Кенгаши ва тафтиш комиссиясининг 2020-2025 йиллардаги фаолияти бўйича ҳисоботлари эшитилди. Ҳисобот даври мобайнидаги фаолият атрофлича таҳлил қилиниб, касаба уюшмаси аъзоларининг манфаатларини ҳимоя қилиш, меҳнат муҳофазасини таъминлаш, ходимларни соғломлаштириш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш йўналишларида амалга оширилган ишларга алоҳида эътибор қаратилди.

Муҳокамалар ва ҳисоботлар якунида конференциянинг асосий ташкилий қисмига ўтилди. Конференцияда Кенгаш ва тафтиш комиссиясининг янги таркиблари, жумладaн, раислари ва аъзолари сайланди.

Делегатларнинг овоз бериш натижаларига кўра, Ҳамроев Ойбек Элиевич Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Миришкор туман бўлинмаси кенгаши раиси лавозимига сайланди. Янги сайланган раис делегатларнинг ишончи учун миннатдорчилик билдириб, бор куч-ғайратини касаба уюшмаси аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратишини таъкидлади.

Шунингдек, Конференцияда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Қашқадарё вилоят ташкилотининг бўлажак конференциясига иштирок этувчи делегатлар ҳам сайланди.

Ушбу I ҳисобот-сайлов конференцияси Миришкор тумани таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси фаолиятида янги даврни бошлаб берди. Янги раҳбарият ва кенгаш аъзолари олдида эндиликда белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш, соҳа ходимларининг ижтимоий-иқтисодий ҳимоясини янада мустаҳкамлашдек масъулиятли вазифалар турибди.

Ш.Кубаев,
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Қашқадарё вилояти бўйича масъул ташкилотчиси

Добавить комментарий