Янгийўл шаҳар таълим ходимлари касаба уюшмаси: Янгиланган ишонч ва келгуси режалар



9 июнь куни Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Янгийўл шаҳар ташкилотининг ҳисобот-сайлов Конференцияси бўлиб ўтди. Ушбу анжуман ўтган беш йиллик фаолиятни сарҳисоб қилиш, эришилган ютуқларни мустаҳкамлаш ва келгусидаги устувор вазифаларни белгилаб олиш мақсадида ташкил этилди.
Конференция ишида бошланғич касаба уюшма ташкилотларидан сайланган делегатлар, касаба уюшмаси фаоллари, иш берувчиларнинг вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Тошкент вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Газиева Равшаной Юнусовна иштирок этдилар.
Конференция кун тартибига мувофиқ, дастлаб шаҳар бўлинмаси Кенгашининг ўтган беш йиллик фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи тингланди. Ҳисоботда ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, меҳнат муҳофазаси, соғломлаштириш тадбирлари ва бошқа йўналишларда амалга оширилган ишлар батафсил таҳлил қилинди. Муҳокамалар ва савол-жавоблардан сўнг, шаҳар бўлинмаси Кенгашининг фаолияти қониқарли деб баҳоланди. Шунингдек, шаҳар бўлинмасининг Тафтиш комиссияси ҳисоботи ҳам эшитилиб, бир овоздан тасдиқланди. Конференция иштирокчилари томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар инобатга олиниб, келгусидаги фаолият юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Анжуманнинг энг муҳим қисмларидан бири ташкилий масалалар бўлди. Делегатларнинг ёпиқ овоз бериш натижаларига кўра, кўпчиликнинг юксак ишончи билан Қодирова Озода Зулқайнаровна шаҳар бўлинмаси Кенгаши раислигига қайта сайланди. Шу билан бирга, 19 нафар вакилдан иборат шаҳар бўлинмаси Кенгашининг янги таркиби ҳамда 3 кишидан иборат Тафтиш комиссияси раиси ва аъзолари сайланди. Шаҳар бўлинмаси Кенгаши раиси Қодирова Озода Зулқайнаровна Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Тошкент вилояти Конференциясига делегат этиб сайланди.
Конференциядан сўнг Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Янгийўл шаҳар бўлинмаси Кенгашининг 1-Пленуми ўтказилди. Унда шаҳар бўлинмаси Кенгаши раисининг жамоатчилик асосидаги ўринбосари ва Ижроия қўмита аъзолари сайлаб олинди.
Тадбир сўнгида касаба уюшмасининг бир гуруҳ фаол аъзолари ва кўп йиллик меҳнати билан соҳа ривожига ҳисса қўшган фахрий устозларга Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Тошкент вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Равшаной Газиева томонидан эсдалик совғалари ва ташаккурномалар топширилди.
Р. Газиева,
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Тошкент вилояти бўйича масъул ташкилотчиси
