Фанлар академияси касаба уюшмасининг VII ҳисобот-сайлов конференцияси: Илм-фан аҳли бирлашди
Тошкент, 12 июнь 2025 йил.
Бугун Ўзбекистон Фанлар академиясининг катта мажлислар залида Ўзбекистон Фанлар академияси касаба уюшмаси ташкилотининг VII ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Ушбу нуфузли анжуман Ўзбекистон илм-фани фидойиларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, ўтган давр фаолиятини сарҳисоб қилиш ва келгуси давр учун янги раҳбариятни сайлаш каби муҳим мақсадларни ўзида жамлади.Конференция ишида бошланғич ташкилотлардан сайланган 67 нафар делегатдан 63 нафари ҳамда мамлакатимиз илм-фани ва касаба уюшмалари ҳаракатининг энг юқори доира вакиллари иштирок этдилар.
Жумладан: Касаба уюшмалари раҳбарияти: Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Р.М.Бедилов; Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент шаҳар кенгаши инспекцияси бошлиғи Н.Хасанов. Фанлар академияси раҳбарияти ва академиклар: Фанлар академияси биринчи вице-президенти, Бош илмий котиби, академик Ш.Сагдуллаев; Биоорганик кимё институти директори, академик А.Тўраев; Иммунология ва инсон геномикаси институти директори, академик Т.Арипова; Физика–математика ва техника фанлари бўлими бошлиғи, академик С. Бахромов; Ядро физикаси институти директори, академик И.Содиқов. Институт директорлари, ректорлар ва бошқа масъуллар: Олий аттестация комиссияси раиси, иқтисод фанлари доктори, пофессор А.Юсупов; Фанлар академиясининг Навоий бўлими раиси, вице-президенти, профессор А.Мирзаев; Зоология институти директори, профессор Б.Холматов; Полимерлар кимёси ва физикаси институти директори, профессор А.Отахонов; Давлат ва ҳуқуқ институти директори, профессор М.Тургунов; «Alfraganus» университети ректори, доцент М.Махмудов. Конференция кун тартибига қўйилган масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Сўзга чиққанлар Ўзбекистон Фанлар академияси касаба уюшмаси ташкилотининг ўтган даврдаги фаолиятини “қониқарли” деб баҳолаб, тафтиш комиссиясининг ҳисоботини тасдиқладилар. Анжуманнинг асосий ташкилий қисмида раҳбар органларга сайловлар ўтказилди. Ёпиқ овоз бериш натижаларига кўра, Жўраев Шерзод Султанбаевич юқори натижа билан Ўзбекистон Фанлар академияси Бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси раиси лавозимига сайланди.
Шунингдек, конференцияда тафтиш комиссияси раиси лавозимига Механика ва иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлиги институти катта илмий ходими, касаба уюшмаси қўмитаси раиси, техника фанлари номзоди Ахмедов Хамидулла Абдухошимовичнинг номзоди тасдиқланди. Конференция якунида, шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент шаҳар кенгаши конференциясига ва Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Қурултойига делегатлар сайланди.
Кун тартибига киритилган барча масалалар тўлиқ кўриб чиқилиб, делегатлар томонидан тасдиқланди.Ушбу VII ҳисобот-сайлов конференцияси Ўзбекистон Фанлар академияси касаба уюшмаси ҳаётида янги даврни бошлаб берди. Янги сайланган раҳбарият олдида илм-фан ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш ва илмий фаолият учун қулай муҳит яратишдек масъулиятли вазифалар турибди.









