Янги сайланган касаба уюшмаси раислари учун ўқув-семинари ташкил этилди

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Бош кенгашининг 2024 йил 21 декабрдаги IX-3-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги касаба уюшмалари ташкилотларида ҳисобот-сайловларни ўтказиш тўғрисида”ги НИЗОМ талаблари ижросини таъминлаш мақсадида муҳим тадбир амалга оширилди.

Жорий йилнинг март-апрель ойларида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Нукус шаҳар бўлинмаси таркибидаги таълим муассасаларида ўтказилган ҳисобот-сайлов йиғилишларида янгидан сайланган бошланғич касаба уюшма қўмитаси раислари учун Нукус шаҳар бўлинмаси томонидан бугун, 19 июнь куни, амалий ўқув-семинари ташкил этилди.

Семинарнинг асосий мақсади – янги сайланган раисларга таълим муассасаларида касаба уюшмалари фаолиятини Устав талаблари асосида намунали тарзда ташкил этиш бўйича кўникмалар бериш, шунингдек, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишдан иборат бўлди. Ўқув-семинарда таълим муассасаларидан янги сайланган бошланғич касаба уюшма қўмитаси раислари иштирок этиб, уларга кенг қамровли тушунчалар берилди.

Тадбирга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон кенгаши Ташкилий бўлими бошлиғи Г.Илмурадова ҳам таклиф этилди. У ўз сўзида янгидан сайланган раисларни масъулиятли вазифа билан табриклаб, уларга ўзининг қимматли методик тавсияларини берди ва фаолиятга оид бир қатор норматив ҳужжатлар бўйича батафсил маълумотлар тақдим этди.

Семинар савол-жавобларга ва фикр-мулоҳазаларга бой тарзда ўтди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларини бериб, ташкилотчилар томонидан уларга атрофлича жавоблар олдилар. Бундай интерактив муҳит янги раисларнинг билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Семинар якунида барча иштирокчиларга ташкилотчилар томонидан тайёрланган, келгуси фаолиятларида асқотадиган методик қўлланмалар тарқатилди. Ушбу ўқув-семинари янги сайланган раисларнинг ўз вазифаларини самарали бажаришлари учун муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Нукус шаҳар бўлинмаси кенгаши

Добавить комментарий