Навоий вилояти таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасининг навбатдаги Конференцияси: Сарҳисоб ва истиқболдаги режалар

Жорий йил 9-июнь куни Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Навоий вилояти ташкилотининг I-Конференцияси бўлиб ўтди. Ушбу муҳим анжуман вилоятдаги таълим ва фан соҳаси ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ўтган беш йиллик фаолиятни таҳлил қилиш ва келгусидаги стратегик вазифаларни белгилаб олишга бағишланди.

Конференция ишида юқори мартабали меҳмонлар – Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Р.М.Бедилов ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилоят кенгаши раиси Н.М.Тоғаевалар иштирок этдилар.

Конференция кун тартибига мувофиқ, Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Навоий вилояти ташкилотининг 2020 йил июль ойидан 2025 йил июнь ойигача бўлган даврдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти тингланди. Ахборотда вилоятда таълим соҳаси ходимларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, меҳнат муҳофазаси, соғломлаштириш ва маданий-маърифий йўналишларда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.

Музокараларда сўзга чиққан делегатлар касаба уюшмаси томонидан олиб борилган ишларни ижобий эътироф этиш билан бирга, келгусидаги фаолиятни янада такомиллаштириш бўйича ўзларининг амалий таклифларини ҳам билдирдилар. Кун тартибига киритилган барча масалалар кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Анжуман давомида бир қатор муҳим ташкилий масалалар ҳам ҳал этилди. Жумладан:

  • Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасининг бўлажак II-Қурултойига;
  • Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Навоий вилоят кенгашининг IХ-конференциясига вилоят номидан иштирок этувчи делегатлар ҳамда ушбу ташкилотларга тармоқ касаба уюшмасидан вакиллар сайланди.

Ушбу I-Конференция Навоий вилояти таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси ташкилотлари фаолиятида янги даврни бошлаб берди. Унда нафақат ўтган давр фаолияти сарҳисоб қилинди, балки юқори турувчи анжуманларга вакиллар сайлаш орқали вилоят ташкилотининг мамлакат касаба уюшмалари ҳаракатидаги ўрни ва иштироки янада мустаҳкамланди.

А.Бобомуродова,
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Навоий вилояти бщйича масъул ташкилотчиси

Добавить комментарий