Меҳнат муҳофазаси – долзарб вазифа: Паркентда амалий семинар ўтказилди

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент вилояти Кенгашининг 2025 йил I ярим йиллик иш режасига асосан, 20 июнь куни Паркент туманидаги 1-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида (ИДУМ) муҳим амалий семинар бўлиб ўтди. Семинар “Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, инновацион технологияларни жорий қилиш орқали меҳнатни муҳофаза қилиш шароитларини яхшилаш” мавзусига бағишланди.

Мазкур семинарга Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Паркент туман бўлинмасига аъзо ташкилотлар – мактабгача ва мактаб таълими муассасаларининг иш берувчилари, бошланғич касаба уюшма қўмитаси раислари ҳамда меҳнат муҳофазаси бўйича масъул ходимлар таклиф этилди.

Семинарнинг асосий мақсадлари:

Семинарни ўтказишдан асосий мақсад соҳада меҳнат муҳофазаси самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор муҳим вазифаларни белгилаб олишдан иборат бўлди:

  • Инсонларнинг меҳнат жараёнидаги хавфсизлиги, сиҳат-саломатлиги ва иш қобилияти сақланишини таъминлашга қаратилган ижтимоий-иқтисодий, ташкилий, техникавий, санитария-гигиена ва даволаш-профилактика тадбирлари ҳамда воситалари тизимини йўлга қўйиш;
  • Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишининг олдини олиш, бахтсиз ҳодисалар ҳақида хабардор этиш ва махсус текшириш комиссияси ишида касаба уюшмалари вакиллигини белгилаш;
  • Мавжуд муаммоли масалаларни аниқлаш, таҳлил этиш ва баҳолаш;
  • Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш тизимининг мунтазам йўлга қўйилишини таъминлаш.

Семинардан кутилаётган натижалар:

Ташкилотчилар семинар якунида қуйидаги натижаларга эришишни мақсад қилганлар:

  • Меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини самарали йўлга қўйиш;
  • Ходимларнинг меҳнати муҳофаза қилинишига доир ҳуқуқларини ҳимоя этишда касаба уюшмаларининг вазифа ва мажбуриятлари ҳақида касаба уюшма фаоллари ҳамда вакилларининг билимларини мустаҳкамлаш;
  • Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ҳақида хабардор этиш ва махсус текшириш комиссияси ишида касаба уюшмалари вакиллигини белгилаш тартиби бўйича тушунчаларни ошириш.

Амалий руҳда ўтган семинар иштирокчиларга таълим муассасаларида хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, ходимларнинг саломатлигини асраш ва бу борада ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш бўйича зарур билим ва кўникмаларни берди.

Семинарда Республика кенгашининг вилоят бўйича масъул ташкилотчиси Р. Газиева, Республика кенгашининг меҳнат муҳофазаси бўйича бош мутахассиси Д. Самарбеков, Тошкент вилояти бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича давлат техник инспектори Р. Ахуновов, Тошкент вилоят Адлия бошқармаси вакили С. Хасанбоев, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Тошкент вилояти кенгаши меҳнат-техник инспектори Ш. Хазратқулов ҳамда мехнат муҳофазаси етакчи мутахассиси С. Эрбўтаевлар иштирок этди.

Д. Самарбеков,
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг меҳнат муҳофазаси бўйича бош мутахассиси

Добавить комментарий