Тошкент вилояти Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасининг Конференцияси: Сарҳисоб ва муҳим қарорлар

Бугун, 23-июнь куни Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Тошкент вилояти бўлинмасининг Конференцияси бўлиб ўтди. Ушбу муҳим анжуман вилоятдаги таълим ва фан соҳаси ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги ўтган беш йиллик фаолиятни таҳлил қилиш ва келгусидаги стратегик вазифаларни белгилаб олишга бағишланди.

Конференция ишида юқори мартабали меҳмонлар – Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Р. Бедилов ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент вилояти кенгаши раиси ўринбосари О. Рашидовлар иштирок этдилар.

Конференция кун тартибига мувофиқ, тармоқ касаба уюшмаси вилоят бўлинмасининг 2020 йил август ойидан 2025 йил июнь ойигача бўлган даврдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти тингланди. Ахборотда вилоятда таълим соҳаси ходимларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, меҳнат муҳофазаси, соғломлаштириш ва маданий-маърифий йўналишларда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.

Музокараларда сўзга чиққан делегатлар касаба уюшмаси томонидан олиб борилган ишларни ижобий эътироф этиш билан бирга, келгусидаги фаолиятни янада такомиллаштириш бўйича ўзларининг амалий таклифларини ҳам билдирдилар.

Анжуман давомида бир қатор муҳим ташкилий масалалар кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди. Жумладaн:

  • Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасининг бўлажак Қурултойига;
  • Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти кенгашининг конференциясига вилоят номидан иштирок этувчи делегатлар ҳамда ушбу ташкилотларга тармоқ касаба уюшмасидан вакиллар сайланди.

Ушбу Конференция Тошкент вилояти таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси ташкилотлари фаолиятида янги даврни бошлаб берди. Унда нафақат ўтган давр фаолияти сарҳисоб қилинди, балки юқори турувчи анжуманларга вакиллар сайлаш орқали вилоят ташкилотининг мамлакат касаба уюшмалари ҳаракатидаги ўрни ва иштироки янада мустаҳкамланди.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши

Добавить комментарий