Самарқанд таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси конференцияси: Сарҳисоб, сайлов ва китоб тақдимоти





Жорий йилнинг 20-июнь куни Самарқанд шаҳрида таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд вилоят тармоғининг Ҳисобот-сайлов конференцияси юқори савияда бўлиб ўтди. Ушбу кенг қамровли анжуман вилоятдаги таълим ва фан соҳаси ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ўтган беш йиллик фаолиятни таҳлил қилиш, келгусидаги вазифаларни белгилаш ва раҳбар органларни сайлашга бағишланди.
Конференция ишида касаба уюшмаси раҳбарияти, академик доиралар, давлат бошқаруви органлари ва оммавий ахборот воситаларининг кенг вакиллари иштирок этди. Жумладан, Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Р.Бедилов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясидан Самарқанд вилоятига бириктирилган вакил Н.Деҳқонов, Федерациянинг Самарқанд вилоят Кенгаши раиси С.Рафиков, Самарқанд давлат университети, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти, Самарқанд халқаро технологиялар университети, Самарқанд давлат чет тиллар институти проректорлари, вилоят мактаб ва мактабгача таълими бошқармаси, фан ва инновациялар бошқармаси масъуллари, “Зарафшон”, “Овози Самарқанд” газеталари вакиллари ҳамда қуйи ташкилотлардан сайланган делегатлар қатнашдилар.
Дастлаб, Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Самарқанд вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Ифтихор Раҳимовнинг Самарқанд вилоят тармоғи томонидан 2020-2025 йиллар давомида амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботи тингланди. Ҳисобот юзасидан тайёрланган махсус видеоролик конференция қатнашчиларига намойиш этилди.
Маъруза юзасидан бўлиб ўтган музокараларда Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтининг проректори Д.Арслонова, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Самарқанд вилоят Кенгаши раиси С.Рафиков, Самарқанд давлат университети профессори Ш.Маҳматмуродов, Иштихон туман бўлинмаси Кенгаши раиси Б.Валиев, Ўзбекистон-Финляндия педагогика университети талабаси, “Менинг Президентим” Республика танлови совриндори Ч.Исматова ва Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Р.Бедиловлар сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Музокаралардан сўнг ҳисобот овозга қўйилиб, делегатлар томонидан бир овоздан қониқарли деб баҳоланди. Ташкилий масалалар доирасида И.Раҳимов таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд вилоят тармоғи раислар Кенгаши раислигига қайтадан сайланди.
Шунингдек, конференцияда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Устави лойиҳасига таклифлар бериш, Республика Кенгашининг I-Қурултойига ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Самарқанд вилоят Кенгашининг VIII-Конференциясига делегатлар, юқори турувчи Кенгашларга вакиллар ҳамда вилоят тармоғи раислар Кенгаши аъзоларини сайлаш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
Конференция якунида ўзига хос воқеа – китоб тақдимоти бўлиб ўтди. Муаллиф Ифтихор Раҳимов томонидан “Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллиги” муносабати билан тайёрланган “Касаба уюшмалари менинг тақдиримда” номли китоб тақдим этилди. Ушбу китобда касаба уюшмаси тарихига назар солинган ҳолда соҳа дарғаларининг ҳаёт йўли, уларнинг фаолияти ва эришган ютуқлари тарих саҳифаларига муҳрланган.
Тадбир сўнгида тизимда кўп йиллар самарали фаолият кўрсатган меҳнат фахрийлари, кўрик-танлов ғолиблари ва бошланғич касаба уюшмаси ташкилотлари фаоллари таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд вилояти раислар Кенгашининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
И. Раҳимов,
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Самарқанд вилояти бўйича масъул ташкилотчиси