Ёшларга байрам туҳфаси: 100 нафар хоразмлик ёшлар Самарқандда меҳмон







Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги ҳамда 30 июнь – Ёшлар куни байрами муносабати билан Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Хоразм вилоят ташкилоти томонидан ажойиб ташаббус амалга оширилди. Унга кўра, вилоятдаги 100 нафар ёш ходимларнинг қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрига ташрифи уюштирилди.
Ушбу саёҳат ёш мутахассисларни рағбатлантириш, уларнинг дунёқарашини кенгайтириш ва мамлакатимизнинг бой тарихий мероси билан яқиндан таништириш мақсадини кўзлади. Хоразмдан ташриф буюрган катта бир гуруҳни Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасининг Самарқанд вилояти бўйича масъул ташкилотчиси И.С.Рахимов ва Шаҳар бўлинмаси кенгаши вакиллари Самарқанддаги ISFT Халқаро институтида тантанали равишда кутиб олдилар.
Икки вилоят вакилларининг учрашуви ўта кўтаринки ва самимий руҳда ўтди. Меҳмонлар Самарқанд заминида кўрсатилган юксак эҳтиром учун миннатдорчилик билдириб, бу каби тадбирлар турли ҳудудлардаги ёшлар ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.
Бу каби ташаббуслар нафақат байрамни нишонлаш, балки ёш кадрларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни янги ютуқлар сари илҳомлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Хоразмлик ёшларнинг Самарқандга ташрифи уларнинг хотирасида узоқ вақт сақланиб қолиши шубҳасиз.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши