Тажрибали етакчига ишонч билдирилди: Фарғона вилояти таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасининг конференцияси бўлиб ўтди

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Фарғона вилояти ҳудудий бўлинмасининг Конференцияси бўлиб ўтди. Ушбу муҳим анжуман вилоятдаги таълим ва фан соҳаси ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўтган беш йиллик фаолиятни таҳлил қилиш ва келгусидаги стратегик вазифаларни белгилаб олишга бағишланди.

Тадбирда Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Равшан Бедилов, Фарғона вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Шерзоджон Долимов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгаши вакиллари ҳамда қуйи ташкилотлардан сайланган делегатлар иштирок этди.

Конференцияда тармоқнинг 2020 йилдан 2025 йилнинг июль ойига қадар амалга оширилган ишлари юзасидан масъул ташкилотчи Лолахон Аҳмедованинг ахбороти тингланди. Ҳисоботда ўтган беш йил ичида эришилган муҳим ютуқлар аниқ рақамлар ва далиллар билан тақдим этилди:

  • Ташкилий салоҳият: Бугунги кунда вилоят ташкилоти тасарруфида жами 2025 та бошланғич ташкилот мавжуд бўлиб, улардаги касаба уюшма аъзолари сони 217 минг 438 нафарни ташкил этади.
  • Ижтимоий ҳимоя: Жамоа шартномалари орқали педагог ходимлар манфаатларини кўзлаб, доимий равишда қўшимча имтиёзлар киритилмоқда. Агар 2020 йилда имтиёзларга сарфланган харажатлар ҳар бир ходимга ўртача 2 009,7 минг сўмдан тўғри келган бўлса, 2024 йил 1 январь ҳолатига бу кўрсаткич қарийб тўрт баробарга ошиб, 8 198,7 минг сўмни ташкил қилган.
  • Соғломлаштириш: Таълим тизимида самарали фаолият олиб бораётган жонкуяр ва фахрий устозларнинг 250 нафари учун Ўзбекистон касаба уюшмалари тасарруфидаги “Оқ тош”, “Косонсой”, “Чимён” каби сиҳатгоҳларида саломатликларини тиклашлари учун бепул йўлланмалар тақдим этилди.
  • Меҳр-мурувват: Ёлғиз кексалар, ногиронлиги бор шахслар, кам таъминланган ва кўп болали оилаларга доимий равишда моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилиб келинмоқда. Айниқса, янги ўқув йили арафасида эҳтиёжманд оила фарзандларига ўқув қуроллари олиб бериш эзгу анъанага айланган.
  • Рағбатлантириш ва дам олиш: Фаол ходимларни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, 1120 нафар фидойи ходимлар учун Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларига саёҳатлар, 5230 нафар ходимлар учун эса водийнинг сўлим гўшаларида дам олиш тадбирлари уюштирилди.

Ҳисобот юзасидан сўзга чиққанлар ўтган даврдаги фаолиятни юқори баҳолаб, ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Тадбирнинг ташкилий қисмида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Фарғона вилояти бўлинмасининг Раислар кенгаши раиси лавозимига Лолахон Аҳмедованинг номзоди бир овоздан тасдиқланди. Бу ўтган беш йилдаги самарали фаолиятга ва тажрибали етакчига билдирилган юксак ишончнинг яққол намунаси бўлди.

Л. Аҳмедова
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Фарғона вилояти бўйича масъул ташкилотчиси

Добавить комментарий