Наманган вилояти таълим ходимлари касаба уюшмасининг I-Конференцияси: Фаолият сарҳисоб қилинди, вазифалар белгиланди



Кеча, 26-июнь куни Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Наманган вилояти ташкилотининг I-Конференцияси бўлиб ўтди. Ушбу муҳим анжуман вилоятдаги таълим ва фан соҳаси ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ўтган беш йиллик фаолиятни таҳлил қилиш ва келгусидаги стратегик вазифаларни белгилаб олишга бағишланди.
Конференция ишида ҳудудлардан сайланган 64 нафар делегатдан 61 нафари, шунингдек, юқори мартабали меҳмонлар иштирок этдилар. Жумладан, Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Р.М.Бедилов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилояти кенгаши раиси ўринбосари Қ.Холбоев ва Наманган вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Х.Абдурахмановлар қатнашдилар.
Конференция кун тартибига мувофиқ, Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Наманган вилояти ташкилотларининг 2020 йил август ойидан 2025 йил июнь ойига қадар олиб борган фаолияти юзасидан тармоқ Республика кенгашининг вилоят бўйича масъул ташкилотчиси Л.Ғаниевнинг ахбороти тингланди. Ахборотда ўтган давр мобайнида эришилган ютуқлар, йўл қўйилган камчиликлар ва уларни бартараф этиш йўллари таҳлил қилинди. Делегатлар томонидан кун тартибидаги барча масалалар атрофлича муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Анжуманнинг энг муҳим қисмларидан бири Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Р.М.Бедиловнинг нутқи бўлди. У ўз сўзида вилоят ташкилотининг ўтган даврдаги фаолиятига баҳо бериб, келгусидаги истиқболли режалар ҳамда тизим олдида турган энг муҳим ва бажарилиши керак бўлган аниқ вазифаларни белгилаб берди.
Конференция ўзаро фикр алмашиш ва конструктив мулоқот руҳида, кўтаринки кайфиятда ўтди. Бу Наманган вилояти таълим ва фан ходимларининг ўз ташкилоти келажагига бефарқ эмаслигини, белгиланган янги вазифаларни амалга оширишга бирдамлик билан киришишга тайёр эканликларини кўрсатди.
Л. Ғаниев,
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Наманган вилояти бўйича масъул ташкилотчиси